Киберхавфсизлик рейтинги: Ўзбекистон охирги бешталикда!

  •   DiMaX
  •  766
  •  09.02.2019 15:44

Киберхавфсизлик рейтинги: Ўзбекистон охирги бешталикда!

Британиянинг Comparitech тадқиқот компанияси киберхавфсизлик даражаси бўйича давлатлар рейтингини тузди. Рўйхатга Ўзбекистон ҳам киритилган бўлиб, у 56-ўринни эгаллаган, деб ёзади Kun.uz нашри.

ЎҚИНГ: Вазир: дунёнинг 50 та энг кучли мамлакати қаторидан жой олишни кўзлаганмиз

Рейтингга жами 60 та давлат киритилган бўлиб, унга Япония етакчилик қилмоқда, охирги ўринни эса Жазоир эгаллаган.

Давлатларнинг рейтингдаги ўрнига 7 та мезон, жумладан зарарли дастурий таъминот билан зарарланган мобил қурилмалар ва компьютерлар улуши, пулларни ўғирлаш мақсадида амалга оширилган хакерлик ҳужумлари сони, у ёки бу давлатнинг хакерлик ҳужумларига тайёрланганлиги, тегишли қонунчилик мавжудлиги кабилар таъсир қилган. Ҳар бир давлат 0 дан 100 баллгача тўплаши мумкин бўлган, бунда тўпланган балл қанчалик кам бўлса, давлат кибертаҳдидлардан шунчалик яхши ҳимояланган ҳисобланади.

Якуний жадвалга кўра, Япония 8,8 балл тўплаган. 2- ва 3-ўринларни Франция ва Италия эгаллаган. Ушбу давлатлар мос равишда 10,6 ва 11,2 балл тўплаган. Энг яхши давлатлар ўнталигига Дания, АҚШ, Ирландия, Швеция, Буюк Британия, Нидерландия ва Сингапур киритилган. Рейтингнинг охирги ўрнини эгаллаган Жазоир 55,8 балл тўплаган.

Ўзбекистон 50,5 балл билан 56-ўриндан жой олган. Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Марказий Осиё давлатларидан рейтингга киритилган ягона давлат бўлган.

Шунингдек, алоҳида мезонлар бўйича етакчи ёки қолоқ давлатлар ҳам эълон қилинган. Мисол учун, Бангладешда мобил телефонларнинг зарарли дастурлар билан зарарлангани улуши энг юқорилиги, энг кўп компьютерлар зарарлангани Жазоирда қайд қилинган. Пул ўғирлаш мақсадида хакерлик ҳужумларига энг кўп Германия учраган.

Киберҳужумларга энг яхши тайёрланган давлат сифатида Сингапур, энг кам тайёрланган давлат сифатида эса Вьетнам эътироф этилган. Шунингдек, киберхавфсизлик соҳасидаги замонавий талабларга Франция, Хитой, Россия ва Германия қонунчилиги энг яхши жавоб бериши қайд қилинган.

ЎҚИНГ: Энг инновацион мамлакатлар рейтинги билан танишинг

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.