Кишида коронавирус бор-йўқлигини энди Siri ҳам айтиб бера олади

  •   DiMaX
  •  2700
  •  23.03.2020 16:20

Кишида коронавирус бор-йўқлигини энди Siri ҳам айтиб бера олади

Кейинги пайтларда бутун дунё аҳлини хавотирда ушлаб турган коронавирус пандемияси технологиялар оламига ҳам жиддий таъсир кўрсатмоқда. Аммо, очиғини айтиш керак – унинг ижобий жиҳатлари ҳам намоён бўлган.

ЎҚИНГ: Коронавирус эпидемиясини Билл Гейтс бундан 5 йил аввал башорат қилган! (2 та видео)

Apple корпорацияси ўзининг Siri овозли ёрдамчисига COVID-19 инфекциясининг асосий аломатларини ўргатди. Купертинолик корпорация бунинг учун АҚШ Жамоатчилик соғлиғини сақлаш вазирлиги ҳамда Касалликлар назорати ва профилактикаси маркази тақдим этган маълумотлардан фойдаланган.

Хулласи калом, энди Apple мижози ўз гаджетида «Ҳой, Siri, менда коронавирус борми?» деб сўраса, овозли ёрдамчи унга саломатлиги билан боғлиқ саволлар бера бошлайди. Булар – COVID-19 вирусининг энг кенг тарқалган белгиларига алоқадор саволлардир. Фойдаланувчининг уларга берадиган жавобларидан хулоса қилиб, Siri унинг тиббий ёрдамга мурожат этиши керак ёки йўқлигини айтади.

Агарда фойдаланувчи коронавирус симптомлари ҳақидаги барча саволларга ижобий жавоб берса (яъни, шу касаллик аломатлари ўзида борлигини тасдиқласа), Siri унга зудлик билан «Тез ёрдам» чақириши кераклигини айтади. Бордию хасталик аломатларидан айримлари кузатилаётган бўлса, у ҳолда овозли ёрдамчи уйда қолишни, бошқа кишилар билан мулоқотга киришмасликни тайинлайди. Шунингдек, виртуал овозли ёрдамчи белгилар оғирлашиб борса, шифокорга мурожат этиши кераклигини ҳам эслатади.

Siri’нинг ушбу янгиланиши ҳозирда фақат АҚШдаги фойдаланувчилар учун чиқарилган. Apple уни халқаро миқёсда ҳам жорий этадими ё йўқми – буниси ҳали номаълум.

ЎҚИНГ: Apple’нинг «ақлли» ёрдамчиси Дональд Трампни бутун дунёга шарманда қилди!