Клавиатурадаги ҳарфлар нега алифбо тартибида эмас?

Клавиатурадаги ҳарфлар нега алифбо тартибида эмас?

“Нега энди клавиатурадаги ҳарфлар, тўғрироғи улар ёзилган тугмачалар алифбо тартиби бўйича эмас, балки тартибсиз жойлаштирилган экан-а?” – деган савол ҳеч бўлмаса бир бор хаёлингиздан ўтган бўлса керак. Бунинг ҳам ўз сабаблари ва тарихи бор.

QWERTY – бугунги кунда энг оммалашган лотин алифбосидаги клавиатура.  У ҳам компьютерларда, ҳам замонавий телефонларда бирдек қўлланилмоқда.  Ҳарфлар тақсимотининг бундай шакли ўз номини клавиатуранинг чап томонида, юқорида бирин-кетин жойлашган белгилар сабабли олган. Компьютер клавиатурасидаги ҳарфларнинг бу йўсиндаги жойлашуви 19 асрда пайдо бўлган босма машиналардан меросдир.

Кристофер Шоулз ихтиро қилган илк босма машиналарда ҳарфлар алифбо тартиби бўйича икки қаторга жойлаштирилган. Бундан ташқари фақат катта ҳарфлар билан ёзиш мумкин эди. 1 ва 0 рақамлари эса умуман бўлмаган. Улар ўрнига “I” ва “O” ҳарфларидан фойдаланилган.

Аввалига бу ҳаммани қаноатлантирарди. Аммо вақт ўтиши билан ёзиш тезлиги ҳам ўсиб борди. Шунда ёзув машинкаларида жиддий муаммо юзага келди: айрим тўқмоқчалар ўз ўрнига келиб жойлашишга улгурмас, пировардида бошқалари билан тўқнашиб, чирмашиб қоларди. Созлаш учун уринишлар эса, аксига олиб, машинка бузилишига сабаб бўлар эди.

Шунда бир неча тажрибалардан сўнг, Кристофер Шоулз янги клавиатурани ишлаб чиқди. У матнда кўп учрайдиган ҳарфларни имкон қадар бир-биридан узоғроққа жойлади. Шундай қилиб, машҳур QWERTY клавиатураси пайдо бўлди. Кейинчалик “тўқмоқчалар” муаммоси бўлмаса-да, QWERTY  тартиби комьютерларга ҳам анъана мисол кўчиб ўтади.

Илк бор 1873 йилда QWERTY ҳарфлар тақсимоти, саноати йўлга қўйилган Ремингтон 1 босма машинкасига ўрнатилди. Мазкур машина модели 5 йил давомида бозорда ягона бўлганлиги сабабли харидорлар QWERTYга ўрганиб улгуришганди.  Айнан шу сабабли у бугунги кунда ҳам кенг қўлланилмоқда.

Тан олиш керакки, QWERTY клавиатурасидаги ҳарфлар жойлашувини энг мақбул тақсимот, деб бўлмайди. Чунки у атайин ёзув темпини пасайтириш учун ўйлаб топилган. Вашингтон университети статистика прфессори Атрур Дворак эса 1936 йили нисбатан қулайроқ ҳарфлар тақсимотини таклиф этди. Унинг асосий мақсади – фойдаланувчилар учун максимал даражада қулайлик яратиш эди.

Янги турдаги ҳарфлар жойлашувида ёзувда кўп дуч келадиган белгилар (ҳарфлар) ўрта ва тепа қаторларга жойлаштирилди. Ўрта қатор чап қўл остига унлилар, ўнг қўл остига аксар ҳолда учрайдиган ундошлар ўрнатилди.

Шу тарзда иккала қўлга ҳам деярли бир хил оғирлик тақсимланарди. Ўзингиз ҳисоблаб кўринг, 8 соатлик иш куни давомида бармоқларимиз Дворак клавиатураси бўйлаб 2 км масофани босиб ўтади. Анъанавий QWERTYда эса бу кўрсаткич 7 км.ни ташкил этади. Шу маънода Дворак калвиатурасидаги ёзиш тезлиги QWERTY билан таққослаганда ҳам икки баравар юқоридир.

Бироқ Дворакнинг таклиф этган клавиатураси барча қоидалар асосида, ҳар томонлама қулай қилиб ишланган бўлишига қарамай, бугунги кунда уни фойдаланувчиларнинг атиги 2 % фоизи қўллайди холос.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!