Комил Алламжонов блогерларнинг Telegram-аккаунтларини бузиб киришга уринишларни қоралади (+видео)

  •   DiMaX
  •  443
  •  08.08.2020 17:31

Комил Алламжонов блогерларнинг Telegram-аккаунтларини бузиб киришга уринишларни қоралади (+видео)

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш фонди раҳбари Комил Алламжонов Ўзбекистонда блогерларнинг Telegram-аккаунтларини бузиб киришга уринишлар бўлаётганига муносабат билдирди, деб ёзади Xabar.uz нашри.

«Куни кеча бир неча блогерларнинг Telegram тармоғидаги аккаунтини бузишга уринишлар бўлгани ҳақида ёзишди. Буни ким, нима мақсадда қилгани ҳозирча аниқ эмас, лекин буни бевосита ОАВ ва блогерларга, сўз эркинлигига таҳдид сифатида баҳолаш мумкин. Бугунги кунда ОАВ ва блогерларнинг «овозини ўчиришга» уриниш ҳеч қандай натижа бермаслигини тушуниш вақти келди.

Чунки ҳозирги технологиялар асрида информацияни сунъий йўл билан тўсишнинг имкони йўқ. Бу йўл билан фақатгина бошқаларга, аниқроқ айтганда, хориждаги бизга дўст бўлмаган ОАВларга йўл очиб берган ва уларни қўллаб-қувватлаган бўлиб қоламиз. Ўзимизда информацион танқислик юзага келадиган бўлса, иложсиз аудитория айнан хориж манбаларидаги маълумот билан ишлашни бошлайди. Бу эса вазиятни фақатгина ёмонлаштиради.

Энг маъқул йўл эса, жамиятга кўзгу тутиб турган ОАВ ва блогерлар кўтариб чиқаётган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш орқали вазиятни йўлга солишдир. Бунда журналист ва блогерларни душман билмасдан, уларни дўстдек қабул қилишга кўникишимиз керак. Дўстларнинг Telegram-аккаунтлари эса «взлом» қилинмайди».

Комил Алламжоновнинг фикрлари билан қуйидаги видео орқали батафсил танишишингиз мумкин:

Ҳар эҳтимолга қарши, сўнгги кунларда Ўзбекистонда Telegram-аккаунтни фирибгарлик йўли билан қўлга киритишга уринишлар учраётгани ҳақидаги хабаримиз ва бундан ҳимояланиш усули ўргатилган йўриқномамиз билан ҳам танишиб қўйганингиз маъқул.

ЎҚИНГ: Telegram’да мана шу никларни асло ишлата кўрманг!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!