Комил Алламжонов: «Хорижий сайтлардан тўлиқ фойдаланиш мумкин бўлади»

  •   DiMaX
  •  484
  •  11.05.2019 09:38

Комил Алламжонов: «Хорижий сайтлардан тўлиқ фойдаланиш мумкин бўлади»

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг ОАВ эркинлиги бўйича вакили Арлем Дезир яқинда Ўзбекистон ҳукуматини сайтларни блокламасликка ва ОАВ ҳақидаги қонунни халқаро нормаларга мувофиқлаштиришга чақирганди. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) бош директори Комил Алламжонов ушбу расмий мурожаатга муносабат билдирган эди.

ЎҚИНГ: Ахборот ва коммуникациялар агентлиги Ўзбекистонда сайтлар блокланаётгани ҳақидаги ЕХҲТ танқидига муносабат билдирди

ЕХҲТнинг ОАВ эркинлиги масалалари бўйича вакили Арлем Дезирнинг Ўзбекистонда айрим хорижий ахборот веб-ресурсларига кириш имконияти чекланганлиги ҳақидаги расмий мурожаати Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан ўрганиб чиқилди, деб ёзади К. Алламжонов кеча ўзининг Facebook’даги расмий саҳифасида.

Ўрганиш натижасида кўрсатилган веб-ресурсларнинг Ўзбекистонда тўлақонли ишлашларига тўсиқ бўлган техник камчиликлар аниқланди ва уларни бартараф этиш борасида тегишли чора-тадбирлар кўрилди, дейди у.

Агентлик раҳбарининг таъкидлашича, энди «Voice of America», «Amerika ovozi», «BBC Uzbek», «Deutsche Welle», «Amnesty International», «Human Rights Watch», «Reporters sans frontieres», «Eurasianet», «AsiaTerra», «Fergana Agency», «Centre1», «Uzmetronom» каби веб-ресурслар ва бошқа хорижий веб-сайтлардан тўлиқ фойдаланиш имкони мавжуд бўлади.

«Давлатимиз раҳбари доимо Ўзбекистонда сўз ва ахборот эркинлиги зарурлигини таъкидлайди. Шунга кўра, Агентлик журналистлар мавқеини мустаҳкамлаш, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик журналистикасини ривожлантириш, давлат органлари шаффофлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш борасида фаолиятини давом эттиради», деб ёзади Комил Алламжонов.

Шунингдек, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги хориж оммавий ахборот воситалари, умуман, журналистлардан касб этикаси тамойилларига риоя этишлари, тасдиқланмаган ва ёлғон маълумотлардан фойдаланмасликни, шунингдек, асосланмаган, миш-миш ва гумонларни тарқатмасликларини сўрайди.

ЎҚИНГ: РАСМАН: Ўзбекистонда экстремистик ва террористик профиль, канал ва саҳифалар рўйхати эълон қилинди!

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.