Компьютерда жой «ўғирлаб» ётган файлларни аниқловчи 3 дастур

  •   DiMaX
  •  4289
  •  10.04.2017 13:47

Компьютерда жой «ўғирлаб» ётган файлларни аниқловчи 3 дастур

Гарчи ҳозирги компьютерларнинг қаттиқ дисклари ҳажми терабайтларни ташкил этса-да, барибир улар ҳам тўлиб қолиши мумкин. Нисбатан эски компьютерларда эса бу муаммо тез-тез учраб туради. Баъзан эса ҳатто дискни тўлдириб ётган нарса нима экан ўзи, деб ўйланиб ҳам қоламиз.

Қуйидаги учта дастур эса компьютердаги қаттиқ дискни қайси файл, қанча миқдорда эгаллаганини аниқ кўрсатиб беради. Уёғига ўзингиз ҳал этишингиз мумкин: файлларни ўчириб ташлаш ёки кўчма хотира қурилмасига кўчириб олиб қўйиш ўз ихтиёрингизда.

CCleaner

Windows учун энг оммабоп тозалагич-дастур CCleaner ҳисобланади. Аслида унинг функциялари кўп, шулардан бири – катта ҳажмли файлларни излаб топиш. У дастурнинг «Сервис» бўлимида жойлашган бўлиб, «Анализ дисков» – «Дисклар таҳлили» деб номланади.

CCleaner диск маконини доирасимон диаграмма тарзида кўрсатади. Ундаги бўлмалар файлларнинг асосий турларига – тасвир, ҳужжат ёки видео файллари кабиларга кўра ажратилган бўлади. Пастроқда эса ҳар бир турга оид батафсил маълумотлар кўрсатилган жадвал жойлашган.

WinDirStat

Мазкур дастурни ишга туширганингизда, у қаттиқ дискнинг қанчалик ва нималар билан тўлганлигини текшириб чиқади ва унинг ҳолатини акс эттирувчи картани акс эттиради. Мазкур карта турли квадрат ва тўғри тўртбурчак шакллардан иборат бўлади. Бу шаклларнинг ранги шу ердаги файлларнинг турини билдиради, катталиги эса – уларнинг ҳажмини.

WinDirStat’да исталган шаклнинг устига сичқонча билан чертсангиз, шу ердаги файлнинг аниқ ҳажмини ва дискдаги жойлашув ўрнини кўрсатади. Жиҳозлар панелидаги тегишли тугмача орқали исталган файлни шу ернинг ўзидаёқ ўчириб ташлашингиз ёки файл менежери ёрдамида унинг жойлашган папкасини очиб кўришингиз мумкин.

SpaceSniffer

Бу – CCleaner ва WinDirStat дастурларининг зўр аналоги. SpaceSniffer ҳам дискни тўлдириб турган файлларни худди WinDirStat каби кўринишда акс эттиради, аммо бунда файлларни кўриш «чуқурлиги»ни ва акс эттирилувчи деталлар миқдорини осонгина созлаш ҳам мумкин. Бу имконият туфайли эса сиз аввало энг катта каталог – папкаларни кўришингиз, кейин эса файллар тизими оралаб тобора «тубига шўнғишингиз», энг майда файлларгача топиб боришингиз мумкин.

Хўш, ортиқча файллардан қутулиш учун сиз қай бирини танлайсиз?

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.