Компьютерлар учун бешта бепул «шоҳона жанг» ўйини

  •   DiMaX
  •  1028
  •  04.03.2019 14:26

Компьютерлар учун бешта бепул «шоҳона жанг» ўйини

«Шоҳона жанг» ёки «Battle Royale» («Королевская битва») – шундай ўйин жанрики, унда охирида битта жангчи қолгунича ҳамма геймерлар ўзаро олишади. Ўтган йили PlayerUnknown’s Battlegrounds ва Fortnite Battle Royale чиққач, ушбу жанр жуда оммалашиб кетди ва кўплаб ишлаб чиқувчилар шундай ўйинлар ярата бошлашди.

ЎҚИНГ: Survival Game’ни қарши олинг: Xiaomi ҳам PUBG ва Fortnite каби ўйин тақдим этди!

Бугун биз компьютерда бепул ўйналадиган энг яхши бешта «шоҳона жанг» ўйинини тавсия этмоқчимиз.

1. Ring of Elysium

Бу ўйин кўп жиҳатдан PUBGга ўхшаб кетади: (қуролларнинг такомиллаштирилган кастомизацияси, кемпингларни доимий излаш каби механикалар мавжуд ва саҳналарнинг жонли чиқишига ҳаракат қилинган. Асосий фарқи эса сеттинг, яъни жанг борадиган муҳитда: Ring of Elysium олишувлари қорли тоғлар орасида бўлиб ўтади, у ерларда эса сноуборд, глайдер ёки дор йўли орқали ҳаракатланиш мумкин.

Ноодатий локацияси эвазига Ring of Elysium бошқаларидан ажралиб туради: унда тиккасига ҳаракатланадиган жойлар кўп. Шу боис ҳам геймер ўз ҳаракатларини бирданига уч ўлчамда ўйлаб бориши керак бўлади. Бундан ташқари, мазкур курашларда душман ўқларига чап бериш учун сноубордда трюклар бажариш мумкин – бунақасини бошқа ўйинларда учратмайсиз!

Ring of Elysium ўйинини синаб кўриш учун компьютер (ёки ноутбук) орқали мана бу ҳаволани очинг.

2. Cuisine Royale

Буниси ҳам бевосита PUBG билан боғлиқ: ундаги ўқлардан ҳимояловчи това ҳақидаги мемлардан илҳомланган дастурчилар кулгили ўйин яратишга киришганлар. Натижада, жангчиларнинг барча аслаҳалари ошхона анжомларидан иборат бўлган зўр «шоҳона жанг» яратилган.

Cuisine Royale’ни бошида жиддий қабул қилиш қийинроқ – унда геймерлар тоғора ва кастрюллар кийиб олишади, саломатликни эса пицца ва бошқа емишлар орқали тўлдиришади. Шунга қарамасдан, унда ҳам жанглар қизғин бўлиб, бу ўйинга киришиб кетасиз.

Ошхона буюмлари билан қуролланиб, жангга киришиш учун мана бу ҳавола орқали Cuisine Royale ўйинига ўтасиз.

3. Zeus’ Battlegrounds

Номидан ҳам пайқаган бўлсангиз керак – унда Зевс томонидан улкан оролга юборилган яримхудолар ўзаро жанг қилади, сиз шулардан бири ролида майдонга тушасиз. Қурол-яроғлар ҳам шу муҳитдан келиб чиққан: ҳеч қанқа автомат, граната деган нарса йўқ, қўл остингизда фақат қилич, ойболта, ханжар кабилар бўлади.

Zeus’ Battlegrounds ўйинида саломатликни мустаҳкамлаш учун гиёҳлар қўлланади, унда яна айрим буюмлар жодуланган – ичига бонуслар яширилган. Ушбу ўйин нисбатан янги бўлгани учун, ҳали контенти у қадар бой эмас, лекин барибир ўйнаб кўришга арзийди.

Агар антик давр яримхудолари орасида жангга тайёр бўлсангиз, мана бу ҳавола ёрдамида асотирлар оламига шўнғишингиз мумкин.

4. Unturned

Unturned ҳам худди Minecraft ёки Rust каби бир ўйин: асосий режимда ресурслар йиғиш, буюмлар яратиш ва жон сақлаб қолиш керак бўлади. Лекин 2016 йили – ҳали PUBG ҳамда Fortnite Battle Royale кабилар чиқмасидан аввалоқ Unturned ўйинида Arena режими пайдо бўлган – бу эса ҳақиқий «шоҳона жанг»дир.

Гарчи графикаси бирмунча реалликдан йироқ бўлса-да, Unturned мазмунан яхши ўйин. Унда кўп нарсалар физика қонуниятларига бўйсунади, ҳатто баландликдан сакраганда оёқ шикастланиши мумкин.

Unturned ўйинини ўйнаш учун мана бу ҳавола ёрдамида ўтасиз.

5. Zombs Royale

Бевосита браузерданоқ ўйнаш мумкин бўлагн барча «шоҳона жанг»лар орасида Zombs Royale энг сифатлиси бўлса керак. Қизиғи – номига қарамасдан, унда зомбилар йўқ. Аммо «battle royale» жанрининг классик механикаси бор – турли предметларни излаш, торайиб борувчи ҳудуд ва қизғин отишмалар.

Zombs Royale ушбу жанрдаги бошқа ўйинлардан анча содда: юқоридан кўриниш, икки ўлчамли графика, қурол турлари ҳам кам. Кураш харитаси ҳам унча катта эмас, матчлар жуда тез кечади – атиги беш дақиқа. Яъни, иш орасида сал ҳордиқ чиқариб олиш учун энг мақбул ўйин.

Агарда соддагина «шоҳона жанг»га киришмоқчи бўлсангиз, Zombs Royale’га мана бу ҳавола орқали ўтинг.

ЎҚИНГ: «Momo» яна кучая бошлади, лекин YouTube унга қарши курашнинг зўр йўлини топди!