Корея билан ҳамкорликда Миллий умумтаълим электрон кутубхонаси очилди

  •   DiMaX
  •  1308
  •  19.04.2019 10:54

Корея билан ҳамкорликда Миллий умумтаълим электрон кутубхонаси очилди

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Миллий умумтаълим электрон кутубхонаси очилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.

ЎҚИНГ: Мактабларда электрон кутубхоналар такомиллашмоқда

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Корея Республикаси экспорт-импорт банки президенти Юн Сунг Су, «LG CNS» компанияси президенти Ким Ён Соб, дипломатик корпуслар вакиллари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги мутасаддилари иштирок этди.

Миллий умумтаълим электрон кутубхонаси (UZNEL) лойиҳаси республикамизда илк жорий этилган электрон кутубхона сифатида фаолият кўрсатиши кутилмоқда. Ушбу лойиҳа Корея Республикасининг иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик жамғармаси билан биргаликда амалга оширилди.

Лойиҳанинг асосий мақсади ахборот-кутубхона муассасаларини ягона электрон кутубхона тизимига улаш орқали аҳоли билим савияси ва сифатини оширишдан иборат. Миллий умумтаълим электрон кутубхонаси электрон кутубхона, рақамлаштириш ва сканерлаш маркази ҳамда мультимедиа марказидан иборат.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган беш ташаббуснинг тўртинчиси, яъни аҳоли, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш ташаббусига ҳамоҳанг бўлиб, китобхонлик маданиятини тарғиб қилиш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

– Миллий умумтаълим электрон кутубхона лойиҳасини Ўзбекистон Республикасида жорий қилиш, ташкилий ишлар, жумладан, бошқарув (менежмент), техник қўллаб-қувватлаш, дастурий таъминотлар билан ишлаш, ахборот-ресурсларидан илмий-таълим йўналишида фойдаланишни ташкил этиш учун «LG CNS» компанияси томонидан мутахассислар танлаб олинди, – дейди Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева – Марказ тўлиқ замонавий жиҳозланди. Маҳаллий ахборот-кутубхона муассасалари мутахассислари «Бошқарув», «Кутубхоначилар» ва «Операторлар» гуруҳларига бўлиниб, кореялик ҳамкорларимиз уларга лойиҳа тизимининг яратилиш стратегияси, маълумотлар базасидан фойдаланиш имкониятлари, лойиҳа дизайни ва келажакдаги фаолияти, шунингдек, PSS (TULIP Web) ҳамда IELS(TULIP) лойиҳалари, веб-сайт тақдимоти ва унинг ишлаш тизими ҳақида маълумот берди.

ЎҚИНГ: Самарқандда Smart-музей очилди – у Марказий Осиёда ягона!

Ушбу лойиҳа доирасида 2014 йил 22 декабрь куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида «Кореяга йўл» ихтисослашган ўқиш зали очилган.

Маълум қилинишича, Миллий умумтаълим электрон кутубхона лойиҳаси биринчи босқичида Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва вилоятлардаги 20 та кутубхонани ўзаро боғлаб ягона маълумот алмашинувини йўлга қўйиш кўзланган. Келажакда Ўзбекистон ҳудудида жойлашган 200 та кутубхонани қамраб олиш режалаштирилган.

Фойдаланувчиларга замонавий, сифатли ва тезкор хизмат кўрсатиш мақсадида Миллий умумтаълим электрон кутубхонасида мультимедиа ўқув заллари, видео ҳудуд, имконияти чекланган фойдаланувчилар учун махсус жойлар, рақамлаштириш маркази, аудио ва видео студиялар ишламоқда.

Рақамлаштириш хонасида турли хил турдаги сканер, микроплёнка қурилмалари, кесиш ва елимлаш дастгоҳлари ўрнатилган. Бу қурилмалар орқали нафақат умумтаълим электрон кутубхонаси материалларини балки турли хилдаги материалларни рақамлаштириб, электрон ҳолатга келтириш мумкин. Бу электрон ҳолатдаги маълумотлардан e-book тизими орқали кутубхона фойдаланувчиларига нафақат бино ичида балки масофадан туриб хизмат кўрсатишни таъминлайди.

Мультимедиа хоналарида жойлашган аудио ва видео студиялари умумтаълим кутубхонасида олинган видео тасмаларга ишлов бериш, турли хил роликларни тасвирга олиш, тасмаларга турли чет тилларида субтитрлар қўшиш ва овоз бериш имкониятини берувчи замонавий қурилмалар билан таъминланган.

ЎҚИНГ: Аграр университетида «Qr-book» тизимида ишловчи электрон китоб жавони стендлари жорий этилди

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!