Коронавирус ва Google: техногигантнинг жавоби қандай?

Коронавирус ва Google: техногигантнинг жавоби қандай?

Mountain View'да жойлашган интернет қидирув гиганти Google кичик ва ўрта бизнеслар, ҳукумат ва соғлиқни сақлаш ташкилотларига COVID-19 инқирози борасида ёрдам бериш учун 800 миллион доллардан ортиқроқ маблағ ажратишга қарор қилганини эълон қилди.

Бу ҳақда кўплаб нашрлар, жумладан, Google блогига асосланиб, GSMArena хабар бермоқда.

Компания Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти (ЖССТ) ва дунё бўйлаб 100 дан ортиқ давлат идораларига COVID-19 тарқалишининг олдини олиш тўғрисида маълумот бериш учун 250 миллион долларлик реклама грантлари ажратди. Бундан ташқари, Google нодавлат нотижорат ташкилотлар (ННТ) ва жамоат молия институтларига 20 миллион доллар миқдоридаги реклама кредитларини тақдим этмоқда. Бу маблағлар ёрдам фондлари тўғрисида эълонлар тарқатишда кўмаклашишга қаратилган.

Қуйида Google ажратган 800 млн доллардан ортиқ маблағнинг қолган тақсимоти келтирилган:

•Кичик ва ўрта бизнесларга кўмаклашишлари учун ННТлар ва молия институтларга 200 миллион долларлик инвестиция фонди;

•Сўнгги бир йил давомида фаол ҳисоб қайдномаларига эга бўлган кичик бизнес субъектлари учун 340 миллион долларлик Google Ads кредитлари. Кредитлар жорий йил охиригача ишлатилиши мумкин;

•COVID-19 билан курашиш усулларини излаётган илмий муассасалар ва тадқиқотчилар учун 20 миллион долларлик Google Cloud кредитлари.

Бундан ташқари, Google шахсий ҳимоя воситаларини ва касалланганлар ҳаётни сақлаб қолишга мўлжалланган тиббий асбоб-ускуналарни ишлаб чиқаришни кўпайтиришга ёрдам бериш учун молиявий ёрдам ва мутахассисларни тақдим этади. Ушбу саъй-ҳаракатлар Google, Verily ва X компаниялари ходимлари томонидан қўллаб-қувватланади.

Интернет қидирув гиганти, шунингдек, 2-3 миллион ниқоб ишлаб чиқариш ва уларни Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш жамғармасига тақдим қилиш бўйича Magid Glove & Safety билан иш олиб бормоқда.

ЎҚИНГ: Коронавирус ҳақида тармоқларда сохта ахборот тарқатган қашқадарёликка маъмурий қамоқ жазоси қўлланди

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!