Коронавирус ва Samsung: икки ҳикоя

Коронавирус ва Samsung: икки ҳикоя

1-янгилик: Коронавирус сабаб ёпилган Samsung заводи бугундан ишга тушади

Коронавирус бутун дунё бўйлаб 2 мингдан ортиқ инсоннинг умрига завол бўлиш билан бирга технология саноатига ҳам ўз таъсирини ўтказди.

Аввалроқ, вирус сабаб Бутунжаҳон мобил конгресси (MWC) бугун 24 февралгача кечиктирилганди, аммо вазият ўнгланмагач конгресс бутунлай бекор қилинди.

Илгарироқ, Хитойдаги смартфон заводлари вақтинчалик ёпилгани ҳақида ёзган эдик. Худди шундай кореялик техногигант Самсунг ҳам бир неча кун олдин Кореянинг Гуми шаҳрида жойлашган ўз заводини ёпишига тўғри келган эди. Бунга сабаб завод ишчиларидан бирида коронавирус аниқланганидир.

Galaxy Fold ва Galaxy Z Flip смартфонлари ишлаб чиқарилувчи ушбу завод бугундан ишга тушилади, бироқ касалланган ходим ишлаган қават эртагача берк бўлади.

Samsung'нинг хабар беришича, вирусни юқтирган ходим билан алоқада бўлган бошқа ишчилар карантинга олинган ва COVID-19 га қарши кўрикдан ўтказилган.

Гуми заводининг ёпилгани Samsung'нинг смартфон ишлаб чиқариш ҳажмига катта таъсир ўтказмайди, сабаби бу ерда ишлаб чиқарилувчи маҳсулотлар миқдор жиҳатидан кўп эмас.

ЎҚИНГ: 64 МПлик квадрокамера ва 6000 мА/соатлик батареяли Samsung «мегамонстр»ининг хотираси ҳам катта! Лекин нархи...

 

2-янгилик: Ветнамда Samsung смартфонларини ишлаб чиқаришда муаммолар пайдо бўлди

Мутахассислар коронавирус билан боғлиқ вазият Samsung учун фойдали бўлади, деб тахмин қилишган эди, чунки компания смартфонларининг ярми, Хитойда эмас Ветнамдаги фабрикаларда йиғилади. 

Аммо улар вирусли пневмония келтириб чиқариши мумкин бўлган муаммолар кўламини нотўғри баҳолаб, хулоса чиқаришга шошилган кўринади.

Асосий мавзуга келадиган бўлсак, Ветнамдаги етказиб бериш занжирида пайдо бўлган муаммолар Samsung қурилмаларини ишлаб чиқаришнинг кечикишига сабаб бўлиши мумкин. Бунга асосий сабаб яна ўша коронавирусдир.

Ветнам саноат ва савдо вазирлиги электроника ва телефон ишлаб чиқарувчилар вирус туфайли таркибий қисмлар ва материалларни қабул қилишда қийинчиликларга дуч келганини маълум қилди. Чунки етказиб берувчиларнинг аксарияти вирус ўчоғи Хитойда жойлашган.

Иккита янги Samsung смартфонининг ишлаб чиқарилиши хавф остида қолган бўлиши кутилмоқда, чунки уларни йиғиш учун эҳтиёт қисмларнинг аксарияти Хитой компаниялари томонидан етказиб берилар эди. Ўз навбатида, Samsung таркибий қисмларни ҳаво ва денгиз йўли орқали етказиб бериш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Аммо бу якунда маҳсулот нархининг кўтарилишига олиб келиши мумкин. Бу эса компания режаларига кирмайди ва талабга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

ЎҚИНГ: Apple инвесторларни огоҳлантирди

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.