Коронавирусдан ҳимояланиш учун смартфонни нима билан ва қандай тозалаш керак?

  •   DiMaX
  •  1685
  •  13.03.2020 13:01

Коронавирусдан ҳимояланиш учун смартфонни нима билан ва қандай тозалаш керак?

Гарчи Ўзбекистонга кириб келмаган бўлса-да, коронавирус пандемияси кўп мамлакатларда жиддий хавфга айланган. Шу ва бошқа вируслар, бактериялар кишига оммавий ишлатиладиган жиҳозлардан ташқари, турли гаджетлар орқали ҳам юқиши мумкин.

ЎҚИНГ: Компьютер, телефон ва бошқа гаджетларни тозалаймиз

Мутахассисларнинг таъкидлашларича, смартфонларни тозалаш учун 70% изопропил спиртини ўзида сақловчи антибактериал салфеткалардан фойдаланиш керак. Смартфонсозлар бу мақсадда Clorox махсус салфеткаларини тавсия этишади, лекин бошқалари ҳам бўлаверади.

Ёдда тутинг: спирт смартфонлар дисплейидаги ёғ юқишидан сақловчи олеофоб қопламага салбий таъсир этиши мумкин. Аммо гаджетдан кўра ўзимизнинг ва яқинларимизнинг саломатлиги муҳим-ку, тўғрими? Мазкур қопламани зарарлаб қўймаслик учун экранни артганда қаттиқ босмаслик ва бармоқларни бир текисда ҳаракатлантириш тавсия этилади.

Аввало, ўзингиз гигиенага қатъий амал қилишингиз, ҳар гал кўчадан киришингиз билан қўлларингизни иссиқ сувда яхшилаб совунлаб ювишингиз керак, кейин эса юзларингизни. Кейин эса қўлга тез-тез олинадиган бошқа ашёлар қатори, смартфонингизни ҳам дезинфекциялашингиз лозим, чунки айнан телефон кўплаб микроб ва бактерияларнинг асосий ташувчиси ҳисобланади..

ЎҚИНГ: Олимлар коронавирус юққан смартфонни дезинфекциялаш йўлларини айтишди!

Сўнгги маълумотларга қараганда, коронавирус нақ тўққиз кунгача телефон корпусида жон сақлаб қолиши мумкин экан! Энди ўйлаб кўринг – шахсан сиз кейинги 9 кун мобайнида қаерларда смартфонни олиб юрдингиз, неча марталаб жамоат жойларида уни чўнтакдан чиқардингиз...

Демак, экспертлар антибактериал салфетка билан смартфонни қуйидагича дезинфекция қилишни маслаҳат беришмоқда:

  1. Салфеткани ёйиб, биринчи навбатда телефоннинг экранини бир текисда артинг.
  2. Энди салфетканинг ҳозиргина экранни тозалаган томонини ичкарида қолдириб букланг ва смартфонингизнинг орқа панелини ҳамда қирраларини яхшилаб тозаланг.
  3. Ишлатилган салфеткани ташлаб, янгисини олинг ва юқоридаги усулни янгидан такрорланг.

Мутахассислар телефонларни кунига уч марта – эрталаб ишхонангизга (ёки ўқиш жойингизга) етиб олгач, тушликка чиқиб келганингиздан кейин ҳамда уйга қайтганингиздан сўнг шу тариқа дезинфекциялашни тавсия этишади.

Шу ўринда кўпчиликни битта савол қизиқтиради: смартфонни спиртли ичимликлар, масалан – ароқ ёрдамида ҳам тозаласа бўладими? Мутахассисларга кўра – бўлаверади, аммо бу вирус ва микробларни ўлдиришга камлик қилади. Зеро, бу паразитларни ўлдириш учун тозалаш воситаси таркибида камида 60 фоиз спирт бўлиши керак. Ароқ эса одатда 40 фоиз спиртдан иборат; шу боисдан бу каби спиртли ичимликлар билан намланган салфетка ёки дастрўмол ёрдамида артиш етарлича натижа бермайди.

ЎҚИНГ: Энди сиз ҳам коронавирус туфайли YouTube’да пул ишлаб олишингиз мумкин!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!