Корпуси кучли ҳимояланган Galaxy Tab Active 3 планшети тақдим қилинди

  •   DiMaX
  •  465
  •  29.09.2020 17:12

Корпуси кучли ҳимояланган Galaxy Tab Active 3 планшети тақдим қилинди

Samsung ўзининг мустаҳкам ҳимояли биринчи планшети – Galaxy Tab Active моделини 2014 йилда, унинг иккинчи авлоди – Tab Active 2’ни эс 2017 йили чиқарган эди. Орадан яна уч йил ўтиб, Galaxy Tab Active 3 ҳам расман намойиш этилди.

ЎҚИНГ: Ушбу 63 хил Samsung смартфон ва планшетлари Android 11’гача янгиланади!

Galaxy Tab Active 3 диагоналига 8 дюймлик дисплейга эга, унинг резолюцияси эса 1920х1200 пикселлик. Планшетни 2018 йили флагман бўлган Exynos 9810 процессори билан таъминлашган, унга 4 гигабайтлик тезкор ҳамда 64 ёки 128 гигабайтлик ички хотира ҳамроҳлик қилади.

Камералари кишини унча хурсанд қилмайди: олд камера 13, селфи-камера эса 5 мегапикселлик. Учинчи авлод ҳимояли планшетда 5050 мА/соатлик, корпусдан ажралувчи аккумулятор қўлланган. Унда тезкор қувватлаш технологияси жорий этилган, бироқ Samsung унинг неча ваттлик эканини айтмаяпти.

Galaxy Tab Active 3 корпуси MIL-STD-810H ҳарбий стандартига кўра зарбадан муҳофаза этилган. Шунингдек, у IP68 стандартидаги ҳимояга ҳам эга, яъни 1,5 метргача сув тубида ярим соатгача «жон сақлай» олади. Планшет жамланмасига киритилган S Pen стилуси ҳам IP68 стандарти бўйича муҳофазаланган.

Янги гаджетнинг ўлчамлари 126,8х213,8х9,9 миллиметрни, вазни эса 426/429 граммни ташкил этади. Қурилманинг қадоғидаги жамланмага киритилган ҳимоя ғилофи 1,5 метргача баландликдан тушганда шикастланишдан сақлай олади.

 Samsung Galaxy Tab Active 3 экрани сезгир бўлиб, қўлқоп орқали ҳам бошқариш мумкин. Унда энг янги – Wi-Fi 6 модули, контактсиз тўловлар учун NFC чипи ҳам қўлланган.

Мазкур планшет Android 10 операцион тизими билан тақдим этилган ва Samsung уни то Android 13’гача (ўз вақтида, албатта) янгилаб туришга ваъда берган. Galaxy Tab Active 3 нархи ва сотувга чиқиш вақти ҳозирча айтилмаяпти.

ЎҚИНГ: Ушбу 38 та русумдаги Samsung смартфон ва планшетлари нақ Android 13’гача янгиланади!