Кучли смартфонсозлар учлигидан Apple’ни суриб чиқаришди! (2020 йил 3-чорак)

  •   DiMaX
  •  1342
  •  01.12.2020 15:53

Кучли смартфонсозлар учлигидан Apple’ни суриб чиқаришди! (2020 йил 3-чорак)

Яқинда биз IDC таҳлил компанияси ҳисоботи асосида жаҳон смартфон бозорининг учинчи чоракдаги ҳолати бўйича маълумотларни улашган эдик. Gartner таҳлил компанияси ҳам бу борада ўз маълумотларини эълон қилди.

ЎҚИНГ: Жаҳондаги энг кўп сотилган 5G-смартфонлар рейтинги

Бу компания ҳисоботида кўрсаткичлар сал фарқ қилса-да, энг кўп смартфон сотган ишлаб чиқарувчилар рўйхатидаги дастлабки тўртта ўрин эгалари IDC рўйхатидаги тартибда. Яъни, 2020 йилнинг 3-кварталида чиндан ҳам Apple кучли учликдан чиқиб кетган.

Унинг ўрнини эса шу даврда 44,4 миллионта смартфон сотган Xiaomi банд этиб турибди. Дунё бўйича учинчи чоракда сотилган смартфонларнинг 12,1% қисми унга тегишли; 2019 йилнинг мос даврида эса бу кўрсаткич 8,5 фоизга тенг эди.

Смартфонлар сони бўйича Samsung етакчи – бозордаги мобил қурилмаларнинг 22% қисмини у сотган. Кучли учликка Huawei ҳам кирган, лекин унинг кўрсаткичлари пасайган: бултурги 65,8 миллионта ўрнига компания бу йилнинг 3-чорагида 51,8 миллионта телефон сота олган. Шунга мос тарзда, унинг бозордаги улуши ҳам 16,9 дан то 14,1 фоизгача тушган.

ЎҚИНГ: Сотувга чиқмасиданоқ рекорд ўрнатган Redmi Note 9 Pro 5G сири нимада?

40,6 миллионта айфон сотган Apple тўртинчи поғонани банд этиб турибди, лекин унинг кўрсаткичлари ўсган. Ўтган йилнинг учинчи кварталида сотилган смартфонларнинг 10,5 фоизи айфонлар бўлса, бу йил мазкур кўрсаткич 11,1 фоизга етган.

Савдоси юришган смартфонсозларнинг бешталигига 8,2% улуш билан OPPO ҳам кирган. IDC рейтингида эса бу ўрин бошқа бир хитойлик – Vivo компаниясига тегишли эди.

Экспертлар хулосаларига кўра, энг оммабоп 5G-смартфон Samsung Galaxy Note 20 Ultra модели бўлган. Кучли учликка яна Huawei P40 Pro ҳамда Huawei Nova 7 ҳам кирган.

Умуман олганда, 2020 йилнинг учинчи чорагида жаҳонда 366,7 миллионта ​​смартфон сотилган; бу эса бултургисидан 5,7 фоизга паст кўрсаткич. Дарвоқе, юқоридаги рақамлар – сотилган смартфонлар сонига кўра чиқарилган; савдодан тушган олган фойдаси бўйича эса...

ЎҚИНГ: Смартфон бозоридаги даромаднинг 93 фоизини иккитагина компания бўлишиб олди! (2020 йил 3-чорак)

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!