Кутилганидан ҳам арзон камерофон – Xiaomi Mi 10 Youth Edition тақдим этилди! (+видеолар)

  •   DiMaX
  •  4095
  •  27.04.2020 15:06

Кутилганидан ҳам арзон камерофон – Xiaomi Mi 10 Youth Edition тақдим этилди! (+видеолар)

Аввал эълон қилинганидек, Xiaomi компанияси бугун – 27 апрель куни Mi 10 Youth Edition смартфонини намойиш қилди. Гарчи ҳамёнбоп модел бўлса-да, унинг камерасидаги 50 карралик зум имконияти флагманлар билан беллаша олади.

ЎҚИНГ: 50 карра зумли энг арзон смартфонда 20 км.дан расмга олиб кўрсатишди! («жонли» видео + тўлиқ нархлари)

Асосан ёшларга мўлжалланган Xiaomi Mi 10 Youth Edition олд камераси экраннинг юқори қисми ўртасидаги томчисимон кемтикка жойланган ва 16 мегапикселлик аниқликда. Бош камера эса тўртталик бўлиб, асосий модул сифатида 48 мегапикселлик OV48B2Q сенсори қўлланган ва унда тасвирни оптик барқарорлаштириш имконияти бор.

Бош камеранинг иккинчи – кенг бурчакли датчиги 8 мегапикселлик аниқликда бўлиб, 120 даражали кўриш бурчагига эга. Учинчи модул – 2 МПлик макрокамера эса 2 атиги сантиметрдан ҳам фокус олишга қодир. Асосан қиммат флагманларда қўлланувчи перископ модулини алоҳида таъкидлаш лозим – Xiaomi Mi 10 Youth Edition моделида унинг аниқлиги 8 мегапикселлик.

Xiaomi Mi 10 Youth Edition моделига «электрон юрак» тарзида Snapdragon 765G процессори танланган, асосан ўйинбоп смартфонларга мўлжалланган мазкур чипсет 5G тармоғини ҳам қўллаб-қувватлайди.

ЎҚИНГ: Qualcomm чипли Redmi K30i – энг арзон 5G-смартфон бўлади!

Xiaomi Mi 10 Youth Edition контактсиз тўловлар учун NFC модули билан таъминланган. Унинг 4160 мА/соатлик аккумулятори эса 20 ваттлик технология бўйича тезкор зарядлана олади. Дарвоқе, бу смартфон корпусининг қалинлиги бор-йўғи 7,88 миллиметрга тенг.

Экранига келадиган бўлсак, Xiaomi бу моделида 6,57 дюймлик AMOLED-дисплей қўллаган. Унинг тасвир аниқлиги Full HD+ форматида, яъни 2400х1080 пикселлик. Ушбу дисплей мазкур смартфоннинг нарх тоифасига мансуб бўлмаган флагманча хусусиятларга эга. Жумладан, экран контрастлиги 4,300,000:1 бирликка эга. Унинг сенсор қавати янгиланиш частотаси 180 герцга тенг. Xiaomi Mi 10 Youth Edition дисплейи DC Dimming функциясини ҳамда HDR10+ форматида тасвир узатишни қўллаб-қувватлайди. Смартфон корпуси антибактериал қопламага эга бўлиб, ҳозирги коронавирус пандемияси шароитида бу жиҳати айниқса долзарбдир.

ЎҚИНГ: Смартфонга ўрнатилувчи янги кўчма тест коронавирусни ярим соатдаёқ аниқлайди!

Нархларига келадиган бўлсак, тезкор/ички хотираси ҳажмига кўра турли вариантлари учун Xiaomi қуйидагича нархлар белгилаган:

6/64 ГБ – 296 доллар

6/128 ГБ – 324 доллар

8/128 ГБ – 353 доллар

8/256 ГБ – 395 доллар

Аввалги миш-мишларда унинг энг кичик версияси 324 доллар туриши айтилган эди. Xiaomi Mi 10 Youth Edition ундан ҳам арзонлиги билан барчага маъқул келиши аниқ. Яна Хитойнинг ўзида унинг учун 24 ойлик кафолат ҳам берилади!

Xiaomi Mi 10 Youth Edition савдоси 30 апрелдан бошланади, аммо унинг бестселлер бўлиши ҳозирданоқ равшан. Компания бугунги намойиш тадбирида MIUI 12 график қобиғини ҳам тақдим этган; унинг хусусиятлари билан алоҳида таништирамиз.

ЎҚИНГ: Xiaomi расман MIUI 12 бета-тестини ва унга янгиланувчи смартфонларни эълон қилди

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!