Кутилганидек: Apple ортиқча дабдабаларсиз ўзининг янги планшетларини тақдим қилди (2)

Кутилганидек: Apple ортиқча дабдабаларсиз ўзининг янги планшетларини тақдим қилди (2)

М2 чипли iPad Pro билан биргаликда Apple ўзининг ўнинчи авлод iPad планшетини ҳам тақдим қилди. У сезиларли даражадаги дизайн ўзгаришларига эга: планшет қирралари текисланган, "Home" тугмаси эса олиб ташланган.

Янги авлод iPad планшети 2360х1640 резолюцидаги 10.9 дюймли Liquid Retina дисплейига эга бўлиб, унинг олд камераси бу сафар қурилманинг кенгроқ томони марказига жойлаштирилган.

iPad Pro'да бўлганидек янги iPad'нинг ҳам олд камераси Center Stage хусусиятини қўллаб-қувватлайди ва у 12 МП. Орқа камерага ўтадиган бўлсак, у ҳам 12МП ва у 4К видео олиш хусусиятига эга.

Капот остида қурилма М2 чипи билан эмас, балки iPhone 12'да ишлатилган А14 Bionic чипига эга. Компаниянинг айтишича, янги iPad бозордаги энг кўп сотилган Android планшетдан 5 карра, уч йил аввалги iPad 7'дан кўра 3 карра тезроқ ишлайди ва у бир кунга етадиган батареяга эга.

Планшет Apple'нинг Lightning порти билан эмас, балки USB-C билан жиҳозланган бўлиб, ундан 3.5 миллиметрли наушник уяси ҳам олиб ташланган. Юқорида айтилганидек, планшетда энди "Home" бош тугмаси ҳам йўқ. Компания унинг ўрнига Touch ID'ни планшетни ёқиш тугмасига интеграциялаштирган.

Шунингдек, қурилмада иккилик микрофон ва стерео динамиклар ҳам мавжуд. Планшет биринчи авлод Apple Pencil ва Magic Keyboard Folio билан ишлай олади. Симсиз уланиш борасида эса янги планшет энди 5G'ни ҳам қўллаб-қувватлайди — Wi-Fi 6 билан биргаликда. 

Ўнинчи авлод iPad планшети кўк, пушти, кулранг ва сариқ рангларда икки хил: 64 ва 256 ГБ хотира вариантларида 449 ва 599 доллар нархда 26 октабрдан сотувга чиқарилади, лекин сиз уларга ҳозирданоқ буюртма беришингиз мумкин. 

ЎҚИНГ: М2 чипли iPad Pro чиқарилди

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!