Кутилмаган хавф: Xiaomi смартфонларида бармоқ изи сканерини ҳам камера қилиб ишлатса бўлар экан! («жонли» видео)

  •   DiMaX
  •  7229
  •  11.08.2020 11:03

Кутилмаган хавф: Xiaomi смартфонларида бармоқ изи сканерини ҳам камера қилиб ишлатса бўлар экан! («жонли» видео)

Reddit фойдаланувчиларидан бири Xiaomi Mi 9T смартфонидаги антиқа бир хусусиятни сезиб қолган. Унинг форумда ёзишича, ушбу моделнинг махфий созламаларида дактилоскопни ўз функционалидан бошқа мақсадларда ҳам қўлланадиган қилиш мумкин экан!

ЎҚИНГ: Samsung смартфонининг дактилоскопини икки карра тезлаштирамиз!

Xiaomi Mi 9T смартфони – Хитойнинг ўзида Redmi K20 модели сифатида чиққан қурилманинг глобал версиясидир. Унда бир қатор илғор технологиялар қатори, экраности дактилоскопик датчик ҳам қўлланган.

Reddit фойдаланувчиси эса шу сканерда микрокамера мавжудлигини пайқаб қолиб, сўзининг исботи сифатида бу хусусиятни кўрсатувчи видеони ҳам форумда эълон қилган. XDA Developers ресурсининг бош муҳаррири Мишал Раҳмон (Mishaal Rahman) эса уни Twitter орқали улашган:

Тўғри, бунда бармоқ изи сканери орқали олинадиган тасвирнинг сифати жуда паст, лекин бу барибир смартфон эгаси учун хавфли ҳимоя тирқишидир, дейди Мишал Раҳмон.

XDA Developers бош муҳаррирининг қўшимча қилишича, бу – датчикнинг хавфсизлиги билан боғлиқ муаммо эмас, балки гап смартфоннинг прошивкасида. Xiaomi эса ҳозирча бу борада бирор расмий изоҳ бермаяпти. Сизнинг смартфонингизда ҳам экраности дактилоскоп қўлланган бўлса, унинг созламаларини қараб кўринг-чи – балки бошқа моделларда ҳам шу ҳимоя заифлиги бордир.

Дарвоқе, махфий созлама орқали ҳар қандай Android-смартфонни «учиб» ишлашга мажбурлаш, уларнинг бармоқ изи сканерига тезкор функциялар қўшиш, мазкур датчикни бир уринишдаёқ ишлайдиган қилиш, смартфоннинг олд камерасига виртуал фоточақноқ қўшиш усуллари ҳақидаги йўриқномаларимиз ҳам сизга маъқул келса керак.

ЎҚИНГ: Бешта нарх тоифасидаги энг зўр Android-смартфонлар (AnTuTu рейтинглари, 2020 йил июль)