Квант ҳимояга эга Galaxy Quantum 2 смартфони чиқди

  •   DiMaX
  •  1310
  •  14.04.2021 17:32

Квант ҳимояга эга Galaxy Quantum 2 смартфони чиқди

Samsung «энг қудратли Galaxy қурилмаси»нинг намойиш кунини эълон қилганидан хабарингиз бор. Бундан ташқари, компания ўз маълумотларининг хавфсизлигидан хавотирланадиган инсонлар учун ўзининг янги смартфонини тақдим этди, деб ёзади Daryo нашри.

ЎҚИНГ: Samsung янги «ўлмас» смартфонини сертификатлади, лекин...

Samsung Galaxy Quantum 2 модели махсус QRNG квант чипи билан бошқа моделлардан ажралиб туради. У қурилманинг платасига қотирилган бўлиб, шифрлашдаги тасодифий сонлар генерациясининг тўлиқ ишлашига жавоб беради — бу смартфонлардаги маълумотларни жиддий ҳимоялашни таъминлайди. Ўзгалар бирор усул билан смартфонни қўлга киритганда ҳам, уларни шифрлаш калитини барибир топа олмайди.

Миш-мишларга кўра, Galaxy Quantum 2 асосини Galaxy А82 модели ташкил этади. Ҳали тақдим қилинмаган бўлса-да, биз аллақачон унинг анбоксинг видеосини ҳам чиқарганмиз. Квант ҳимояли смартфонга Full HD+ сифатни қўллаб-қувватлайдиган ва 120 герц янгиланиш частотасига эга AMOLED-дисплей ўрнатилган, процессори — Snapdragon 855+, аккумулятор сиғими эса 4500 мА/соатни ташкил этади.

Квант смартфонининг биринчи версияси каби Galaxy Quantum 2 ҳам фақат Жанубий Кореяда сотувга чиқади. Унинг нархи 600 АҚШ долларини ташкил этади.

Афтидан, Samsung ҳозирча квант ҳимояни тажрибадан ўтказмоқда ва унинг ўртача статистик харидорга керак ёки керакмаслигини текширяпти. Кейинроқ компания уни қолган моделларда ҳам жорий этиш бўйича қарор қабул қилиши мумкин.

ЎҚИНГ: 200 долларлик бу «ўлмас» смартфонни бир ойда икки мартагина қувватлаш кифоя! (+видео)