Кварц шишасидан ясалган «абадий» қаттиқ диск 2021 йили сотувга чиқади

  •   DiMaX
  •  1314
  •  02.05.2017 11:34

Кварц шишасидан ясалган «абадий» қаттиқ диск 2021 йили сотувга чиқади

Россия Шишанинг лазерли нанотузилиши лабораторияси базасида икки йилдан буён кварц шишасидан қаттиқ диск ясаш лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда. Бу Менделеев номидаги Россия кимё-технология университети ҳамда Истиқболли тадқиқотлар жамғармасининг ҳамкорликдаги лойиҳаси ҳисобланади. Аслида лойиҳа турли материалларга ёзиш ва улардан ўқиш хусусиятларини тадқиқ этишдан бошланган.

2018 йилга бориб шундай қурилманинг ишчи прототипини яратиш, кейинроқ эса уларни амалда қўллаш кўзланган. Режага кўра, янги турдаги ахборот ташувчиларни 2019 йили истеъмолга киритишади ва шиша дискларга дастлаб кутубхоналар ва архивларни «ўтказишади».

ТАССга берган интервьюсида Истиқболли тадқиқотлар жамғармаси лабораторияси раҳбари Иван Глебовнинг таъкидлашича, кварц шишаси асосида тайёрланадиган дисклар ташқи муҳит таъсирларидан, жумладан – радиациядан ҳам умуман зарар кўрмайди ва ўзига ёзилган маълумотларни юз минг йиллар давомида сақлай олади.

Муҳандисларнинг ишончи комилки, янги технология «маълумотларнинг совуқ сақланиши» (яъни, маълумот ёзиб қўйилади ва кейин унга жуда кам мурожаат этилади) талаб этиладиган барча жойларда қўлланади. Бу технологиянинг яна бир афзаллиги – у иқтисодий жиҳатдан ўта манфаатли. Ахир, маълумотларни бундай сақлаш усули ҳеч қандай энергия талаб этмайди: қачонки ичига ёзилган маълумот керак бўлиб қолса, дискни қурилмага ўрнатиб, ишга туширилади – вассалом.

«Шиша» дисклар нархига кўра оддий қаттиқ дисклар қатори бўлади. Улардан тижорат мақсадларида фойдаланиш, яъни кенг истеъмол учун бозорга чиқариш эса 2021 йилга режалаштирилган.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.