Лас-Вегасда энг сўнгги инновацион ғоялар намойиш қилинмоқда

Лас-Вегасда энг сўнгги инновацион ғоялар намойиш қилинмоқда

6 январда АҚШ нинг Лас-Вегас шаҳрида ахборот технологиялари ҳамда технологик ечим ва хизматларга бағишланган CES-2018 -- электроника маҳсулотлари кўргазмаси ўз ишини бошлади. Бу йил мазкур тадбирда иштирок этаётган компаниялар сони рекорд даражага етди -- 4 мингдан зиёд!

Аввалига электроника техникалари тақдим этилган кўргазмада сўнгги йилларда сунъий интеллект, автотранспорт, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги йўналишларидаги инновацион технологиялар намойиш этилмоқда.

Сунъий интеллект

2017 йилда LG совуткичларига Amazon компаниясининг Алекса овозли ёрдамчиси жорий қилинган эди. Айни пайтда соат, автомобил, роботларда ҳам Алекса тизими ўрнатилмоқда. Бу йил эса LG телевизорларида Googlе компаниясининг виртуал ёрдамчиси татбиқ қилинади.

Amazon бу йил Алексага таом тайёрлаш сирлари ҳам ўрнатган. Энди унинг ёрдамида фойдаланувчилар хоҳлаган таомларини мустақил тайёрлашлари мумкин. Айрим компаниялар эса мижозларга Алекса ёрдамида уйдаги жиҳозларни, жумладан чироқларни бошқариш тизимларини жорий қилишмоқда.

Соғлиқни сақлаш

Маълумотларга кўра, бугунги кунда соғлиқни сақлаш учун жаҳон миқёсида 9 триллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ сарф қилинаётган экан. Бу харажатларнинг бир қисми инновацион ғоялар учун ҳам ажратилмоқда.

Мисол учун, ICI Vision компанияси ишлаб чиққан илғор кўзойнаклардаги митти камералар кўз қорачиқларида муаммолари бор одамларга ёрдам беради.

Samsung компаниясининг Relumino кўзойнаги смартфонлар билан алоқа боғлаб, кўриш қобилияти паст бўлганларга тасвирни аниқ тиниқ кўриш имконини беради.

"Ақлли уй"

Crownstone компанияси тақдим қилаётган янги технология орқали чироқларни бошқариш мумкин.

Miliboo компанияси эса "ақлли диван"ни илгари сурмоқда. Бу диван мобил қурилмаларни қувватлайди ва сизга телевизор қаршисида қанча қолиб кетганингизни маълум қилиб туради.

Cherry Labs эса хавфсизликни таъминлайдиган камера ва овозли датчикларни тақдим қилмоқда. Бу тизим оиладаги аъзоларнинг ҳаракатларини аниқлаб, уларнинг қанчалар фаол эканини инфографика ёрдамида акс эттиради.

Телевизорлар

LG эса Лас-Вегасга янги авлод телевизорлари билан ташриф буюрган. 8К сиғимли гаджетлар юқори сиғимли. Ҳозирча бунақа контентга эга видео ва тсвирлар мавжуд эмас. Айни пайтда 4К стандарти оммалашган.

Телевизор ишлаб чиқарувчилари телеэкранларни имкон қадар ёрқин қилиш ва ёруғлигини ошириш, тасвирни HDR форматида узатиш устида изланишлар олиб боришмоқда.

Транспорт

Бу йил янги электромобил ва учувчисиз бошқариладиган учар жисмлар йили бўлади. Ford Motors компанияси раҳбари Джим Ҳакетт компания бу анжуманда сенсацион ишланмани намойиш қилишини айтган.

Жанубий Кореянинг Hyundai компанияси эса водород ёқилғисида юрадиган спорт автомобилини тақдим қилади.

Nissan эса автомобилни бошқаришнинг ўзига хос интерфейсини намойиш қилади. Унинг ёрдамида миядаги электр сигналларни ҳисоблаш ва бу орқали ҳайдовчининг ҳаракатини олдиндан билиш мумкин.

Американинг Fisker компанияси эса анжуманга бир марталик қувват билан 643 чақирим йўл юрадиган электромобилни олиб келган. Унинг баҳоси 129 минг доллар.

Yamaha эса автопилот электромотоциклини намойиш қилади. Бу транспорт воситаси соатига 120 км масофага уча олади.

Surefly фирмаси эса 2 йўловчига мўлжалланган учувчисиз октакоптерини намойиш қилиш ҳуқуқини олган.

Анъанага мувофиқ, Лас-Вегасда бу йил ҳам томошабинларни ҳайратга солувчи ихтиролар бўлади.

Улар орасида қуйидагилар бор:

Shapescale - одам танасини сканер қилиб, унинг ҳолати ва жисмоний ҳаракатни назорат қилувчи тарози;

D Free - саломатликни назорат қилувчи ва бу тўғрида шифокорга маълум қилувчи сенсорлар тизими;

Biowatch - венанинг уришига қараб, инсон шахсини аниқлайдиган тизим. Унинг ёрдамида смарт-соат ёки смартфон тизимларига кириш мумкин.

Emojime - миядаги электр сигналларни аниқлаб, уларни дисплейда анимацион шаклларга айлантирадиган сенсорлар. Улар одамнинг кайифятини ҳам намойиш қилишади.

Кўргазмани биз орқали кузатишда давом этинг.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!