Лайфхак: USB-кабел ва флешкани бир уринишдаёқ тўғри киритишни ўрганамиз!

  •   DiMaX
  •  1354
  •  12.08.2020 13:55

Лайфхак: USB-кабел ва флешкани бир уринишдаёқ тўғри киритишни ўрганамиз!

Бугунги кунда турли гаджетларда асосий портлардан бири бўлган USB тирқиши тўғри тўртбурчак шаклда бўлгани билан, USB Type-C каби симметрик эмас. Унга кабелни ёки флешкани улаётиб, сиз ҳам аксарият ҳолларда адашиб тескари тиқишга уринасиз-а?

ЎҚИНГ: Компьютер ва ноутбукни флешка ва қаттиқ дискларни хавфсиз суғуриладиган қилиб созлаймиз

USB стандартининг яратувчиларидан бири Ажай Бҳатт ҳам тирқишни носимметрик қилиш ечимини аҳмоқона, деб атаган. Лекин ўшанда бу – иқтисодий жиҳатдан энг мақбул йўл бўлган. Зеро, симметрик, яъни икки томонидан ҳам бир хил ишлайдиган бўлиши учун кўпроқ симлар ва микросхемлар талаб этилар, бу эса ишлаб чиқаришда қимматга тушар эди.

Хўш, флешка ёки кабелни USB-тирқишга тўғри киритишнинг энг содда усулини билиб қўйишга нима дейсиз?

Бунинг учун флешкани ёки кабел бошчасини қўлингизга олиб қарасангиз, ҳар икки томонида бир хилда – иккитадан квадрат тешикчаларни кўрасиз. Бир тарафидаги жуфт тешикчадан унинг ичидаги пластикни, иккинчи тарафида эса – ичидаги контактларни кўриш мумкин. USB ичидаги пластик ҳар хил рангда бўлиши мумкин, кўпинча қора, оқ ёки кўк рангларни ишлатишади.

Компьютер ва бошқа қурилмалардаги USB-тирқишлар шундай ўрнатилганки, унга киритиладиган флешка (ёки кабел) USB-улагичида ўша бир жуфт тешикчадан пластик эмас, айнан контактлар кўринадиган томони юқорига қилиб тиқилади. Айни шу томони флешканинг «олд» томони ҳисобланиб, унга ишлаб чиқарувчи логотипи туширилган бўлади. Кабел бошқачининг эса шу томонида USB белгиси ҳам мавжуд.

Агарда компьютерда USB-тирқиш тикка ҳолатда ўрнатилган бўлса ҳам шу тамойилга асосланасиз: USB-улагичининг «олд» томонини юқорига қаратган ҳолда ушлаб, соат мили йўналишида 90 даражада айлантирасиз.

Агар USB-бошчанинг «олд» томонини фарқлашга одатлансангиз, юқоридаги лайфхак орқали уни доим биринчи уринишдаёқ тўғри киритадигн бўласиз.

ЎҚИНГ: USB орқали уланган телефон ёки планшетни компьютер «кўрмай» қолса нима қилиш керак?

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!