Xiaomi билан ҳамкорлик қилаётган таниқли камера компанияси ўзининг янги смартфонини чиқарди

Xiaomi билан ҳамкорлик қилаётган таниқли камера компанияси ўзининг янги смартфонини чиқарди

Эҳтимол, сиз Leica брендини Xiaomi ва Huawei каби смартфон ишлаб чиқарувчилари билан қилган ҳамкорликлари орқали танийсиз. Германиянинг ушбу таниқли камера компанияси, ўтган йили ўзининг илк смартфони – Leitz Phone 1'ни чиқарган эди. Бу йили эса Leica унинг давомчиси – Leitz Phone 2 смартфонини тақдим қилди.

Фото: Leica

Смартфоннинг ўзига хос хусусияти шундаки, у Xiaomi 12S Ultra'ни эслатиб юборадиган юмалоқ дизайнли орқа камерага эга ва уни магнитли линза қопқоғи билан беркитиб қўйиш мумкин. Камерага тўхталадиган бўлсак, Leica ўз смартфонини юқори аниқликдаги Type 1 (1 дюйм) сенсори билан таъминлаган. Компаниянинг таъкидлашича, бу смартфонларга ўрнатилган энг катта камера сенсори ҳисобланади. 47.2 мегапикселли ушбу камера f/1,9 диафрагма билан 19 мм фокус узунлигини таклиф қила олади ва у билан 8К форматда видео олиш мумкин. Шунингдек, унга 1.9 дюймли портрет сенсори ҳам ҳамроҳлик қилади. Олд камера эса 12.6 мегапиксел.

Фото: Leica

Смартфон дизайни ҳам ўзига хос: тўртбурчак қирралар ва экранининг қора рамкасидан ташқари яна сезиларли даражада қалинликдаги рамка. Смартфон фақат оқ рангда чиқарилади. Унинг орқа марказида Leica логотипи туширилган.

Фото: Leica

Техник хусусиятларга келадиган бўлсак, камерафон 2730 х 1260 пиксел ўлчамидаги 6.6 дюймли, 240 герц янгиланиш тезлигига эга OLED дисплей ўрнатилган. Капот остида эса қурилма Snapdragon 8 Gen 1 билан жиҳозланган бўлиб, у 12ГБ оператив ва 512ГБ (1ТБ microSD қўшиш мумкин) доимий хотирага эга. Унинг 5,000 мА/с сиғимли батареясини 100 дақиқада 0 дан 100% гача USB-C порт орқали қувватлаш мумкин. 77×161×9.3 мм ўлчам ва 211 г оғирликдаги смартфон Android 12'да ишлайди.

Leica'нинг Leitz Phone 2 смартфони фақат Япония учун эксклюзив бўлиб, у 18 ноябрдан 225,360 ен (1600 доллар атрофида) нархда сотувга чиқарилади.

ЎҚИНГ: Xiaomi ҳақиқий камерафон чиқарди

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!