Lenovo – жаҳоннинг “№1” рақамли компьютер ишлаб чиқарувчиси

Lenovo – жаҳоннинг “№1” рақамли компьютер ишлаб чиқарувчиси

IDC компанияси 2016 йил жаҳон компьютер бозоридаги ҳолат бўйича ҳар йилги таҳлилни эълон қилди. IDC тадқиқот маркази маълумотларига кўра, 2016 йилда Lenovo компанияси компьютер ишлаб чиқарувчилари орасида пешқадамлаик қилган.

Lenovo 2013 йилдан бошлаб жаҳон компьютер бозорига десктоп, ноутбук етказиб беришда яққол етакчилик қилади. Сўнгги 12 йилдан буён Lenovo персонал компьютерлар бозорининг кучли бешлигидан ўрин эгаллаб келади.

2003 йилда жаҳон компьютер бозори етакчиларидан бирига айланган Lenovo компанияси 2013 йилга келиб дунё бўйича сотилган шахсий компьютерларнинг 16,9%ини ишлаб чиқарган бўлса, 2014 йилда бу кўрсаткич 19,2%га, 2015 йилда 20,7%га, 2016 йил якунларига кўра эса 21,3%га етган.

Lenovo’нинг муваффақиятли одимлари Осиё ва Тинч океани мамлакатларида, Европа, Яқин Шарқ, Африка ва Америка давлатларида тобора ошиб, 2016 йилда компания 55,5 млн. дона компьютер қурилмаси етказиб берган. Жаҳон миқёсида эса 2016 йилда барча ишлаб чиқарувчилар томонидан 260 млн. дона қурилма сотилган. Бу аввалги йилга нисбатан 5,7%га кам дегани.

Lenovo айни пайтда ўйинлар ўйнашга мўлжалланган компьютер қурилмаларини ишлаб чиқаришга катта эътибор қаратган.

Хитойнинг Lenovo Group Limited компьютер компаниясига 1984 йилда Лиу Чуанжи томонидан асос солинган. 60 мингга яқин ходим ишлайдиган компаниянинг 60 дан ошиқ мамлакатда бўлинмалари мавжуд. Компания 160 мамлакатдаги харидорларга маҳсулот етказиб беради.

Lenovo стол компьютерлари, мобиль телефон, нетбук, ноутбук, планшет, сервер, монитор, видеопроектор, видеокарта, клавиатура ва бутловчилар ва бошқа турдаги аксессуарлар, дастурлар ишлаб чиқаради.

«Lenovo» сўзи «Le-» (компаниянинг илк номидан, яъни Legend’дан олинган) ва лотинча “novo” «янги» деган сўзлар қоришмасидан ҳосил бўлган. Унинг хитойча номи “ляньсян” бўлиб, “яратувчанлик” деган маънони билдиради.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.