Lenovo октябрдаги тақдимотгача сабри етмай, ромсиз Z5 Pro смартфонини кўрсатди!

  •   DiMaX
  •  894
  •  28.09.2018 10:16

Lenovo октябрдаги тақдимотгача сабри етмай, ромсиз Z5 Pro смартфонини кўрсатди!

Хитойлик смартфонсоз ўзининг Lenovo Z5 смартфонини ҳали кўрсатмай туриб, анча-мунча шов-шувлар билан реклама қилгани эсингиздадир? Ниҳоят, 5 июнда бўлиб ўтган расмий тақдимотида уларнинг барчаси ёлғон экани ойдинлашган эди.

ЎҚИНГ: Ниҳоят, Lenovo Z5 тақдим этилди: компания барчани лақиллатган экан!

Аммо бу компания мана шу смартфони билан барибир рекорд ўрнатгани ҳақида ҳам ёзганмиз. Мазкур моделнинг яхши сотилаётганидан илҳомланганиданми, Lenovo унинг Pro-версиясини ҳам тайёрлаган.

Tech World 2018 конференциясида Lenovo вакиллари ўзларини тутиб тура олишмади: вице-президент Лю Цзюнь (Liu Jun) компаниянинг ҳақиқатан ромсиз илк смартфони – Lenovo Z5 Pro моделини кўрсатди. Шунингдек, унинг тўлақонли тақдимоти октябрда бўлиб ўтишини ҳам маълум қилишди.

Дарвоқе, биз аввалроқ ушбу девайснинг видеосини ҳам эълон қилгандик.

ЎҚИНГ: «ЖОНЛИ» ВИДЕО: «алдоқчи» Lenovo Z5’нинг слайдерли Pro-версияси тайёр!

Lenovo Z5 Pro смартфони слайдер форм-факторига эга – керакли пайтда унинг экрани асосий корпусдан пастга сурилади ҳамда олд камера ва бошқа датчиклар кўринарли бўлади. Айтиш керакки,   Oppo Find X  флагманида, шунингдек, ҳозирча тақдим этилмаган Xiaomi Mi Mix 3 ҳамда Honor Magic 2 смартфонларида ҳам шундай слайдер механизми қўлланган.

Ушбу тузилма эвазига Lenovo Z5 Pro олд панели юзасини деярли бутунича дисплей қоплаб олган, фақат унинг пастидаги ромигина сал энлироқ бўлиб қолган. Смартфон суратларидан аён бўлишича, унинг дисплейига дактилоскопик сканер интеграция қилинган.

Мутлақо ромсиз слайдер-смартфоннинг техник хусусиятлари ҳақида ҳозирча маълумот йўқ. Шов-шувлар билан эълон қилинган стандарт Lenovo Z5 моделида ўрта тоифали Snapdragon 636 процессори қўлланган. Унинг Pro-версияси учун компания энг илғор Snapdragon 845 ёки лоақал Snapdragon 710 чипини ишлатиши мумкин.

Lenovo Z5 Pro шу йилнинг октябрида тақдим этилса-да, уни фақат Хитой бозорига чиқариши эҳтимоли юқори. Чунки Lenovo бошқа ҳудудлар учун Motorola бренди остидаги смартфонлари савдосига кўпроқ аҳамият қаратмоқда.

ЎҚИНГ: Энди “эгилувчан” смартфон бўлиб: афсонавий буклама Motorola RAZR қайтмоқда

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!