Lenovo ўйиндан чиқди: компания ортиқ гейминг смартфонлари ишлаб чиқармайди

Lenovo ўйиндан чиқди: компания ортиқ гейминг смартфонлари ишлаб чиқармайди

PUBG, Genshin Impact каби ўйинлар оммалашгани сари гейминг смартфонларига бўлган талаб сўнгги йилларда анча ошди. Табиийки, бундай турдаги смартфон ишлаб чиқарувчилари ҳам кўпая бошлади: Asus (ROG), Nubia (Red Magic), Xiaomi (Black Shark) ва Lenovo (Legion). Худди ўйинлардагидек, ушбу бозорда ҳам "ўйинчилар" бир-бирлари билан рақобатлашишади ва кимдур ғолиб бўлса, кимдур мағлуб бўлади. Эҳтимол, бу мағлубият эмасдир, лекин Lenovo компанияси гейминг смартфонлар бозоридан кетаётганлигини эълон қилди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган миш-мишлардан сўнг Lenovo компанияси ўзининг Legion бренди остидаги гейминг смартфонларини ишлаб чиқаришни тўхтатаётганлиги расман тасдиқлади:

"Кенгроқ бизнес трансформацияси ва ўйин портфолиёсини консолидацияси қилиш доирасида Lenovo ўзининг Android'га асосланган Legion мобил ўйин телефонларини ишлаб чиқаришни тўхтатади. Ўйин қурилмалари ва ечимлари бўйича етакчи сифатида Lenovo ўйин категориясини бошқа омиллар бўйича ривожлантиришга, шунингдек, глобал ўйин ҳамжамиятига энг кўп фойда келтирадиган жойларга эътибор қаратишга интилади", – дейди Lenovo.

Гарчи компания қарори бироз ҳайратланарли туюлса ҳам, буни мантиқан тўғри дейиш мумкин, чунки сўнгги вақтларда Lenovo ўзининг янги авлод гейминг смартфони устида ишлаётгани ҳақида ҳеч қандай маълумотлар пайдо бўлмади.

Lenovo Legion Pro (ёхуд Duel)

Lenovo компанияси шу кунга қадар атиги учта гейминг смартфонлари чиқарган. Уларнинг энг биринчиси Lenovo Legion Pro (ёхуд Duel) эди. Қурилма 144 герц янгиланиш тезлигига эга экран, иккита босимни сезувчи моторлар ва Snapdragon 865 5G+ чипсети, ҳамда, RGB чироқлари билан 2020 йилнинг июл ойи охирида тақдим қилинган. Орадан бир йил ўтгач, у ўз ўринини ўзининг янги авлоди, Lenovo Legion 2 Pro моделига бўшатиб берган. Ўтган йилнинг март ойида тақдим қилинган Lenovo Legion Y90 эса компаниянинг энг сўнгги гейминг смартфони бўлиб қолди.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!