LG G6: “энг яхши жаранг сочувчи” флагман тақдимот куни маълум бўлди

LG G6: “энг яхши жаранг сочувчи” флагман тақдимот куни маълум бўлди

Февраль охирида Испаниянинг Барселона шаҳрида бўлиб ўтадиган Жаҳон Мобиль Конгрессида Жанубий Кореянинг LG компанияси навбатдаги LG G6 смартфонини тақдим қилишни режалаштирмоқда. Компания ОАВ вакилларига 26 февралда ахборот технологиялари соҳасининг нуфузли кўргазмаси доирасида бўлиб ўтадиган тадбирига таклифнома тарқатмоқда.

2016 йилда тақдим қилинган LG V20 самарали аудио узатиш тизими боис ҳам илиқ кутиб олинган эди. Ундаги товуш тизими рақамли-аналог ўзгартиргич назоратида фаолият кўрсатади.

LG компаниясининг саҳифасида маълум қилинишича, навбатдаги илғор смартфонда ҳам инновацион овоз технологияси жорий қилинган. Унда 4 каналли, 32 битли янги рақамли-аналог ўзгартиргич ўрнатилган.

Қурилманинг рақамли сигнални аналог сигналга айлантириши натижасида, гаджетда овоз янада аниқ-тиниқ ва барқарор эшитилади, ўзгартиргич шовқинни имкон қадар камайтиради. Рақамли-аналог ўзгартиргичнинг самарадорлиги жуда юқори бўлиб, унда маълумотнинг қисқариши ёки зарар кўриши узоғи билан 0,0002%ни ташкил қилади. Шунга кўра, LG G6 смартфон бозоридаги рақибларига қараганда овозни 50 фоиз сифатлироқ узатиш кўникмасига эга бўлади.

Ишлаб чиқарувчи ундан таралаётган товуш 32 бит/192 кГц форматида, Hi-Fi студияси сифатига тенг бўлишини айтмоқда. Шундай қилиб, LG G6 жаҳоннинг энг яхши “жаранг сочадиган” смартфони бўлиши мумкин.

Навбатдаги LG “байроқдори” 5,7 дюймли бўлиб, QHD LCD туридаги экраннинг пиксель сиғими 2880х1440 га тенг. Яъни, HD сиғимли экрандан 4 маротаба ёрқинроқ. Ҳар дюймдаги пиксель миқдори  564 тага тенг.

Экран қуйисидан компания логотипи ўрин олган. Олд панелнинг юқори қисмидан эса динамик, датчиклар ва олд камера учун жой ажратилган. Унинг фаолияти учун Snapdragon 821 процессори масъул. Корпуснинг чанг ва сув таъсирига бардошли бўлиши айтилмоқда. Компания хабарида смартфон олд панелининг томонлар нисбати 18:9 га тенг экани (айни пайтда ишлаб чиқарилаётган аксарият смартфонларда бу кўрсаткич 16:9 га тенг), энди экран янада сезгир, каттароқ ва ёрқин экани айтилган.

Баъзи бир инсайдерларнинг тахминларига кўра, LG G6 халқаро смартфон бозорига $650 доллардан сотувга чиқарилади.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.