LG G6’нинг “асл” сурати тақдимотдан аввал тарқалиб кетди

LG G6’нинг “асл” сурати тақдимотдан аввал тарқалиб кетди

LG компаниясининг 27 февралда бошланадиган Жаҳон Мобиль Конгрессига янги LG G6 флагмани билан ташриф буюриши тўғрисида хабар берган эдик. Ушбу флагманнинг қуйида сиз кўриб турган сурати тақдимотга қадар инсайдерлар томонидан тарқатилди.

Дизайн унчалик эмас

9to5google нашри томонидан эълон қилинган бу суратлардаги янги флагман дизайни кўпчилик экспертлар томонидан танқид остига олинган. LG G6 смартфони 2 модулли бош камерага эга бўлади. Бу объективларнинг бири одатий ва бошқаси кенг бурчак остида сурат олишга мўлжалланган. Камералар остида қурилмани блокировкадан чиқаришга мўлжалланган тугмача мавжуд. Шунингдек, у бармоқ излари сканери ҳамдир.

“Мусиқий” смартфон

LG G6 гаджетида силлиқ қайрилма бурчакли ноодатий дисплейдан фойдаланилган. Унинг томонлар нисбати ҳам ноанъанавий бўлиб, 18:9 ни ташкил қилади. Шу билан бирга, смартфон «мусиқий» имкониятлари билан ҳам ажралиб туриши алоҳида қайд этилмоқда. Бунинг учун унга 32 битли рақамли товушни аналогга айлантирувчи қурилма ёрдам беради. Бу аввал ҳам LG V20 девайсида жорий қилинган эди.
Нима сабабдандир LG янги флагман телефонга аввалги йилги Snapdragon 821 процессоридан ўрнатишни маъқул кўрган. Ваҳоланки, ҳозир барча етакчи смартфон брендлари янги Snapdragon 835’ни маъқул кўришмоқда.
LG G6 ҳақида инсайдерларнинг маълумотлари:
Экран: 5,7-дюймли;
Процессор: Snapdragon 821 — частота тезлиги 2,4 ГГц, 4 ядроли;
Хотира: 4 ГБ оператив ҳамда 32 ГБ доимий;
Аккумулятор: 3200 мА соат.

Смартфон тақдимоти 26 февралга белгилангани айтилмоқда.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!