LG G7 ThinQ смартфонини ҳар томонидан кўрсатишди

  •   DiMaX
  •  2063
  •  24.04.2018 11:22

LG G7 ThinQ смартфонини ҳар томонидан кўрсатишди

Жанубий Кореянинг LG компанияси жорий йилнинг 2 май куни Нью-Йорк шаҳрида ўзининг янги флагмани LG G7 ThinQ смартфонини расман намойиш этишни режалаштирган. Бу қурилманинг хусусиятлари ҳақидаги маълумотлар ҳамда унинг рендер суратлари ҳам тарқалган.

ЎҚИНГ: LG G7 ThinQ: ҳақиқий флагманни энди кўрасиз

Машҳур инсайдер Эван Блэсс ўзининг Twitter саҳифасида янги смартфоннинг сифатли расмини эълон қилди.

Ушбу сурат G7 ThinQ ҳақидаги аввалги маълумотларнинг тўғрилигини тасдиқлайди. Девайснинг орқа панелида модуллари тикка жойлашган қўшалоқ камера, унинг остида эса дактилоскопик сканер мавжуд. Камерадан чап томонда эса ёруғлик-диодли чақноқ ҳамда лазерли автофокус ёрдамчиси ўрин олган. Телефоннинг олд томони ҳам аввалги расмларда кўрганимиздек, экрани устида «кемтик» бор.

ЎҚИНГ: LG G7 бу борада iPhone X'ни доғда қолдиради

Корпуснинг чап қиррасида овозни баландлатиш-пастлатиш тугмачасидан ташқари яна битта тугмача кўзга ташланади. Кузатувчиларнинг фикрича, у Google Assistant виртуал ёрдамчисини чақириш учун ишлатилади. Агар бу тахмин ўз исботини топса, LG G7 ThinQ модели Google Assistant учун моддий тугмачага эга илк смартфон бўлади. Телефоннинг ўнг қиррасида уни ёқиш-ўчириш тугмачаси, пастки қиррасида USB-C порти, микрофон ва овоз чиқариш тирқишлари, шунингдек қулоқчинлар учун 3,5 миллиметрлик мини-жек кўринади.

G7 ThinQ модели камида беш хил тусда тақдим этилади: қора (Aurora Black), кул ранг (Platinum Grey), мовий (Moroccan Blue), жилосиз кўк (Moroccan Blue Matte) ҳамда пушти (Raspberry Rose).

Ҳозиргача тарқалган маълумотларга кўра, LG G7 ThinQ смартфони диагоналига 6,1 дюймлик IPS-дисплей (M+ LCD) билан жиҳозланади, унинг тасвир аниқлиги 3120х1440 пикселга тенг. Қўшалоқ камеранинг ҳар бир объективи 16 мегапикселли, улардан биринчиси F/1.5 диафрагмасига эга. Смартфон самарадорлигини Snapdragon 845 чипи ҳамда 6 гигабайтлик тезкор хотира таъминлаб беради. Доимий хотира ҳажми эса 64 ёки 128 гигабайтлик бўлиши айтилаётир. Boombox овоз кучайтиргичига эга LG G7 ThinQ тақдимотдан кейиноқ тахминан 900 АҚШ доллари атрофида нарх билан савдога қўйилади.

ЎҚИНГ: LG G7 илғор функцияси билан ақлни шошириб қўяди

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!