LG G7 ThinQ тақдим қилинди: "сунъий ақлли" мусиқий флагман

LG G7 ThinQ тақдим қилинди:

LG сўнгги йилларда "энг зўр" смартфон ишлаб чиқарувчи бўлмаса ҳам, ҳар йили кучли флагман тақдим қилмоқда ва бўш келмаяпти. Шу билан бирга, компания янги жиҳатларга эга тажрибавий девайсларни ҳам ишлаб чиқармоқда. Бир неча ой давом этган гап-сўзлардан сўнг компания LG G7 ThinQ — кучли ва мусиқий смартфонини тақдим қилди. Барча смартфонсозлар камерофон ишлаб чиқараётган бир пайтда LG диққатини овоз сифатига қаратган. Албатта, янги девайснинг фотосурат олиш имкониятлари ҳам эътиборга лойиқ.

Жанубий кореялик гигант айфонаманияга йўлиққан чоғи, экран устида iPhone X'даги каби «қош-кўз» ҳудудини қолдирган.

Олд панел силлиқ ва ёрқин, унинг ҳимояси учун бешинчи авлод Gorilla Glass пишиқ шишаси ётқизилган. 6,1 дюймли дисплейнинг томонлар нисбати бугунги кун учун ноодатий — 19,5:9. Экран сиғими 3120х1440 пиксел (QHD+), ҳар бир дюймда 564ppi пиксел тўғри келади, ёрқинлик даражаси 1000 нитгача етади. IPS матрицали экран олд панелнинг 82,97% қисмини эгаллаб олган.

Super Bright Display технологияси — ҳар бир пикселга қўшимча оқ пиксел қўшилган. Созламаларда экран устидаги ўйиқни ёпадиган функция мавжуд.

Бу йил LG «шишадор» трендни давом эттирган ва янги гаджетнинг орқа панелини пишиқ шишадан ишлаган. Корпус IP68 (MIL-STD-810G ҳарбий стандарти) стандарти асосида сув ҳамда чангдан қўрқмайди.

LG G7 TninQ фойдаланувчини ўзининг сифатли овози билан ҳайратга солади. Сифатли овоз учун 32 битли Hi-Fi Quad DAC ва 4 томонлама рақамли-аналог аппарат таъминоти жавобгар. DTS X (сиғимдор овоз) ва Boombox динамиги ўртасидаги ҳамкорлик натижасида смартфон бас овозни етказиб беради, шунингдек ундаги овознинг бошланғич даражаси 6 децибелдан юқори бўлади.

LG яна бир замонавий трендни қўллаб, флагманида бош камера учун қўш сенсор танлаган: бош камера 16 мегапикселли ва унинг ёруғлик тақсимлайдиган линзаси f/1.7 стандартли, шунингдек ёрдамчи сенсор ҳам 16 мегапикселли ва унинг диафрагмаси f/1.9 стандартли. Олд панелдаги 8 Мп аниқлигидаги объектив учун f/1.9 стандартли апертура танланган. Олд камерада қиёфани таниш технологияси жорий қилинган.

Бош камерани ўзига хос жиҳатлари қаторида HDR10 технологияси, портрет режими ҳамда "сунъий интеллект" тизимини айтиш мумкин. Бу ақлли тизим объект, манзара ва тасвирларни танийди, ёруғлик миқдори ва масофани аниқ ўлчайди. Бу эса алгоритмларнинг оптималлигини таъминлайди. Натижада сурат сифатли акс этади. Камера 19 режимда (гул, қиёфа, ҳайвонлар, ичимлик, овқат ва бошқалар) суратга олади. Улардан қизиқарлиси Super Bright бўлиб, қоронғу жойда ҳам яхши сурат олиш учун айни муддао.

LG G7 ThinQ моделининг яна бир ўзига хослиги сифатида Google Lens технологиясига эга бўлгани ва Google Assistant ёрдамчисини чақириш учун махсус тугмачага эга бўлганини айтиш мумкин. Google Lens сурат ва манзарани таҳлил қилиш орқали қўшимча имкониятлар беради.

LG G7 ThinQ "юракчаси"га Snapdragon 845 флагман процессори танланган. Смартфон 4 Гб тезкор ва 64 Гб доимий хотира билан таъминланган.

LG G7+ ThinQ модели эса 6 Гб тезкор ва 128 Гб доимий хотирага эга бўлган.

Девайснинг куч-қуввати учун сиғими 3000 мА соат бўлган аккумулятор масъул. Ишлаб чиқарувчининг маълум қилишича қувват таъминотида муаммо бўлмайди: қувват тежайдиган процессор ва дисплей ёрдамида қувват аввалги моделлар билан солиштирганда 30% камроқ сарф қилинади.

Quick Charge 4.0 технологияси ёрдамида смартфонни тезкор ва симсиз қувватлаш мумкин. Қадоқда эса Quick Charge 3.0 технологиясига мўлжалланган зарядка тақдим қилинган. Флагман USB Type-C 3.1 порти, NFC чипи, Bluetooth 5.0 технологияси, 2 терабайтгача microSD бўлмачаси ҳамда Android 8.0 Oreo операцион тизимига эга бўлган. Европада LG G7 ThinQ флагмани 849 евродан ёки 1000 АҚШ долларидан сотилади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!