"LG G710" — LG'дан жиддий "камбек"!

LG флагманлари Samsung ишлаб чиқараётган илғор смартфонлар билан жиддий рақобатга киришадиган девайслар ҳисобланади. Кўпчилик айнан LG G6 бугунги флагманларда татбиқ қилинган чўзинчоқ экранларни илгари сурганини эслай олмаса керак. Аксарият фойдаланувчилар мазкур техник ўзига хосликни Samsung'га тегишли деб ўйлашади.

Гарчи, LG G6 экрани атрофи юпқа рамка билан ўралгани, олд шиша панели Gorilla Glass 5 ҳимоя шишаси билан қоплангани ва бошқа жиҳатлари билан ўзига хос бўлса ҳам, унинг Snapdragon 821, яъни 2016 йилнинг илғор процессори билан таъмин қилингани кўпчиликнинг ҳафсаласини пир қилган эди. Сабаби, 2017 йилда флагман смартфонлар учун Snapdragon 835 чипи ҳақиқий тренд бўлди.

LG муҳандислари бу айбни ювиш учун ишга жиддий киришдилар ва муҳим технологик ўзига хосликларга эга навбатдаги флагманни ишлаб чиқариш бўйича изланишлар олиб боришмоқда. Ҳозирча интернет тармоғида флагманнинг турли кўринишдаги рендерлари эълон қилинган.

LG G7 флагмани тўғрисида илк жиддий хабарлар таниқли таҳлилчи Эван Бласс томонидан эълон қилинган. Унга кўра флагманга "Judy" дея ишчи ном берилган.

Бугун эса мазкур девайснинг бозорга LG G710 номи билан чиқарилиши маълум қилинди. 6,1 дюймли дисплей юпқа ром билан ўраб олинади ҳамда смартфон платформасида Snapdragon 845 процессори ўрнатилади. Унинг тезкор хотираси 4 гигабайтли, доимий хотираси 64 гигабайтли бўлади.

Шунингдек, смартфонга стереодинамиклар ҳамда сув ўтказмас корпус ўрнатилади.

LG G7 бош камерасининг 2 та сенсорларидаги ёруғлик тақсимотига масъул мосламалар ҳали бирор смартфонда жорий қилинмаган — f/1.4 стандартида бўлади.

Таъкидланишича, G7 Quick Charge 4.0 тезкор қувватлантириш технологиясига ҳам эга бўлади.

LG G7 смартфони кўзнинг рангдор пардаси ва фойдаланувчи қиёфасини сканер қилади. Бу хавфсизлик тизими аппарат эмас, дастурий таъминотга, аниқроғи мураккаб алгоритмларга асосоланган бўлади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!