LG Gram 15: ихчам ва энг енгил ноутбуклардан бири

LG Gram 15: ихчам ва энг енгил ноутбуклардан бири

Агар кенг диагоналли дисплей, шу билан бирга оғирлик қилмайдиган ихчам услубга тегишли ноутбук излаётган бўлсангиз, LG Gram 15 лаптопи айни сизбоп.

6-9 январь кунлари АҚШда ўтган, Samsung, Sony, LG ва бошқа юздан ошиқ йирик ишлаб чиқарувчилар қатнашган жаҳоннинг нуфузли ахборот-коммуникация технологиялари кўргазмасида намойиш этилган ноутбуклар орасида 15.6 дюймли (1 дюйм=25,5 мм) LG Gram 15 ноутбуки барчанинг диққатини тортди.

LG Gram 15 ўзига ўхшаган бошқа қурилмалардан енгил ва ихчам, шу билан бирга унинг имкониятлари ҳам кенг. Асосан маиший техника воситалари билан танилган LG ҳали ноутбуклари билан фойдаланувчиларнинг ҳам, мутахассисларнинг ҳам тилига тушган эмас. Компания Gram 15 билан дунёдаги энг ихчам, 1,5 см юпқаликдаги, 0.98 килограмм тош босадиган энг енгил лаптопни яратганлигини даъво қилмоқда.

Шу турдаги қурилмалар билан солиштирилса, MacBook Air 11 дюйм ва 1.09 кг тош босади. LG Gram 15 корпуси алюминий ўрнига мобиль қурилмалар саноатида кенг фойдаланиладиган магнийдан ишлангани ҳисобига қурилма жуда енгил.

LG Gram 15 экранининг олд қисми, ўнг томон юқори бурчакдаги компания логотипини ҳисобга олмаганда, лаптоп экрани ёки корпусида ортиқча деталь, тасвир ва этикеткалар йўқ.

Қурилма монитори юпқа корпус ҳошиясига туташган бўлиб, бу нафис мутаносибликни бузмаслик учун компания веб-камерани ноутбукнинг юқори ва пастки қисмларини бирлаштирган ошиқ-мошиққа жойлаштирган.

LG бу қурилмага тасвирни Full HD форматида, 1,920 x 1,080 ўлчамида кўриш имконини берувчи, LCD экраннинг такомиллаштирилган талқини бўлган IPS, яъни қаттиқ кристалли дисплей ўрнатган. Gram 15’нинг ҳозича фақатгина тилла ранг қобиқли талқини мавжуд.

Ноутбукнинг биқинида  маълумот алмашишга хизмат қиладиган USB 3.0, USB 2.0, USB-C ва SD хотира картаси учун, шунингдек видео тасвир ва маълумотларни узатадиган HDMI портлари мавжуд.

Лаптопда Intel Core’нинг олтинчи авлод Core i5 ёки Core i7 процессорлари ўрнатилган. Қурилманинг оператив хотираси 8 гегабайт. Харидорлар хоҳишларига кўра 256 ёки  512 гигабайтли қурилмани сотиб олишлари мумкин. LG Gram 15 Windows 10 операцион тизимида ишлайди.

Компания вакилининг берган маълумотларига кўра, ноутбук тўла қувват олгач, унда танаффуссиз 7 соат мобайнида ишлаш мумкин.

Компания бунгача ишлаб чиқарган LG gram 13 ва 14 ноутбукларининг нархлари 800-900 АҚШ доллари, LG Gram 15 эса $1,000 атрофида сотилмоқда.

Хулоса

LG Gram 15

9балл

Агар кенг диагоналли дисплей, шу билан бирга оғирлик қилмайдиган ихчам услубга тегишли ноутбук излаётган бўлсангиз, LG Gram 15 лаптопи айни сизбоп. Фақат нархи бироз қиммат.

Дизайн

Батареяси

Нархи

Процессор

Экран

Қаердан сотиб олиш мумкин?

Amazon $1000 Сотиб олиш

 Афзаллиги

  • Юқори даражали дизайн
  • Ёрқин экран
  • Юқори сиғимли батарея
  • Енгил ва ихчам
  • Кучли процессор

 Камчилиги

  • Қиммат
  • Камераси пастда
Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.