LG компанияси iPhone X’дан ҳам қиммат премиум-смартфон чиқарди

  •   DiMaX
  •  2038
  •  09.12.2017 11:35

LG компанияси iPhone X’дан ҳам қиммат премиум-смартфон чиқарди

Яқинда Xiaomi компанияси ўзининг Mi Mix 2 флагманининг премиум варианти – тўлиқ керамик корпусдаги модификациясини савдога чиқарган эди. Энди LG Electronics ҳам ундан ўрнак олиб, LG V30 смартфонининг «Signature Edition» вариантини тақдим этди. Бу ҳақда AndroidAuthority нашри хабар берган.

ЎҚИНГ: 8 ГБ «оперативка»ли премиум Xiaomi Mi Mix 2 сотувга чиқди

Хабарга кўра, LG V30 Signature Edition талқини дастлаб фақат Корея бозори учун тақдим этилади. Мазкур премиум қурилма чекланган миқдорда ишлаб чиқарилади ва нархи ҳам тахминан 2000 АҚШ доллари миқдорида бўлади.

Мазкур премиум-смартфон техник жиҳатдан оддий LG V30 флагманидан айтарли фарқ қилмайди. Асосий фарқлари қуйидагилардир: корпуси тўлиқ керамикадан ясалган; тезкор хотираси стандарт талқинидагидек 4 эмас, балки 6 гигабайтли; доимий хотира эса 64 ёки 128 эмас, балки 256 гигабайт ҳажмга эга; операцион тизими Android 8.0 Oreo талқинида (стандарт версияда – Android 7.1.2 Nougat).

ЎҚИНГ: Илғор LG V30 тақдим қилинди: Note 8'дан 500 доллар арзон

Булардан ташқари, LG V30 Signature Edition жамланмасида ҳам ўзгариш бор. Ишлаб чиқарувчи тарихда биринчи марта смартфон билан бирга унинг қутисига битта эмас, иккита Bang & Olufsen гарнитурасини солиб чиқаради. Жамланманинг ўзида ҳам симли, ҳам симсиз қулоқчиннинг бўлиши ҳар қандай истеъмолчиниям хурсанд қилиши аниқ.

Айтилишича, LG V30 Signature Edition премиум-смартфони Жанубий Корея ҳудудида тахминан 27 декабрдан савдога чиқарилади. Бу моделдан атиги 300 дона чиқарилганлиги унинг эксклюзивлигини янада оширади. Уларнинг барчаси фақатгина ишлаб чиқарувчининг ўз фирма дўконлари орқали сотилади.

ЎҚИНГ: Иккита iPhone X нархидаги Samsung W2018: қўш экранли премиум «раскладушка» расман тақдим этилди (+видео)