LG OLED технологиясини ривожлантиришга миллиардлаб АҚШ доллари сарфламоқда

LG OLED технологиясини ривожлантиришга миллиардлаб АҚШ доллари сарфламоқда

LG томонидан жорий йил баҳорида намойиш қилинган юқори аниқликдаги 4K тасвирли UHDTV (Ultra High Definition Television) форматидаги OLED телевизорлари қисқа фурсатда сифатли тасвир ва 4.3 мм.гача юпқа дисплейи билан фойдаланувчиларда катта таассурот қолдира олди.

OLED технологиясида тасвир узатишда органик бирикмалардан тайёрланган, нур тарқатувчи ярим ўтказгичли диодлардан кенг фойдаланилади. Бу экрандаги аниқ-тиниқ борлиқни янада завқ билан томоша қилиш ва электр энергиясини тежашга ёрдам беради.

Аммо унинг нарх-навосини ҳамманинг чўнтаги кўтара олмайди. Мазкур технологияни янада соддалаштиришга сарфланаётган маблағлар, телевизорлар таннархи арзонлашишига хизмат қилиши мумкин.

Рейтерс ахборот агентлигига кўра, LG Жанубий Кореянинг Пажу шаҳрида телевизорлар учун дисплей қисмларини ишлаб чиқарувчи корхонани ишга тушириш учун 8.71 млрд. АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратган.

Бугун ўтказилаётган анъанавий “қора жума” арзонлаштирилган савдолардаги чегирмалар ҳам OLED дисплейларини арзон нархларда сотиб олишни режа қилганларнинг ҳафсаласини сўндириши аниқ.

Мисол учун, LG’нинг OLED TV сериясидаги 2015 йилнинг энг яхши UHD телевизорлари тўртлигидан жой олган 55 дюймли телевизорлари нархи интернет дўконларида имкониятларидан келиб чиқиб, 1,799.00–4,997.99 АҚШ долларини ташкил қилади.

Январь ойида намойиш қилинган яна бир шу турдаги LG EG9900 OLED телевизори ёруғ хонада ҳам тасвирни тиниқ кўрсатади. Телевизор ҳажми 77 дюйм. Биргина тугмачанинг босилиши билан у ўзининг ясси шаклини қайрилма шаклга айлантира оладиган дунёдаги илк телевизор. LG EG9900 LG’нинг WebOS 2.0 операцион тизимида ишловчи 10 ядерли процессор билан таъминланади. Унинг баҳоси 25,000 АҚШ долларидан юқори бўлиши кутилмоқда.

LG томонидан бу турдаги чўнтакбоп телевизорларни 2018 йилдан бошлаб кенг миқёсда ишлаб чиқариш режалаштирилган.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.