LG смартфони харидорларига – 500 долларлик қулоқчин совға!

  •   DiMaX
  •  1212
  •  31.07.2018 10:38

LG смартфони харидорларига – 500 долларлик қулоқчин совға!

Смартфонсозлар ўзларининг флагман моделларининг илк буюртмачиларига совға беришлари анъанага айланиб бораётир. Жумладан, куни кеча жанубий кореялик техногигант ўз фаблетига «ақлли» телевизор ҳам қўшиб бераётгани маълум бўлганди.

ЎҚИНГ: Бунақаси бўлмаган: Galaxy Note 9 буюртмачиларга Samsung Smart TV совға!

Энди эса LG компанияси ҳам шундай йшл тутяпти, фақат у таклиф этаётган смартфон нархи ҳам чаккимас-да! Бу ўша, куни кеча хабар берганимиз – нақ 1800 доллари турадиган қурилмадир. Ўшанда бу моделнинг V35 Signature Edition деб номланишини ёзгандик, лекин кеча компания ушбу гаджетни Signature Edition 2018 номи билан чиқаришини эълон қилди.

Маълум қилганимиздек, ушбу қимматбаҳо девайс LG V35 ThinQ модели асосида яратилган. Ундан ягона фарқи – корпуси цирконий керамикасидан ишланганлигидир; техник жиҳатларига кўра эса у билан бир хил. Ўтган йилги ҳолатдаги сингари, Signature Edition 2018 ҳам чекланган миқдорда – атиги 300 дона чиқарилади.

ЎҚИНГ: LG яқинда 1800 долларлик смартфон чиқаради, уям янги модел эмас

LG Signature Edition 2018 оқ ва қора рангли корпусларда тақдим этилади, сотувлар 13 августдан бошланади. Харидорларга ҳадя сифатида Bang & Olufsen Beoplay H9i қулоқчини ҳам қўшиб берилади. Мазкур аксессуарнинг ўзи нақ 500 доллар туради! Тағин, у 300 доналик тираждаги ҳар бир смартфон харидорига совға қилинади!

Хулласи калом, Signature Edition 2018 айни дамда бозордаги энг қиммат смартфон бўлиб, ҳадясини ҳам ҳисобга олсак – шунга арзийдиям. LG компаниясининг бундан аввалги – бултурги модели ҳам шундай қимматбаҳо эди. Ўшанда у тарихда биринчи марта смартфон жамланмасида битта эмас, иккита – симли ва симсиз Bang & Olufsen гарнитурасини ҳам қўшиб чиқарганди.

ЎҚИНГ: LG компанияси iPhone X’дан ҳам қиммат премиум-смартфон чиқарди

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!