LG Watch W7 – битта қувват билан 100 кунгача ишловчи гибрид смарт-соат!

  •   DiMaX
  •  582
  •  06.10.2018 12:31

LG Watch W7 – битта қувват билан 100 кунгача ишловчи гибрид смарт-соат!

«Ақлли» соатларнинг деярли барчасига хос бўлган биттагина камчилик бор – уларнинг автономлиги, яъни қувватлашсиз ишлай олиш давомийлиги унча юқори эмас. Аммо бу муаммони ҳал этиш учун компаниялар гибрид смарт-соатларни ҳам ишлаб чиқишга ўтишган.

ЎҚИНГ: Илк суратлари билан танишинг: Huawei Watch GT ақлли соати ва Huawei Band 3e браслети

Куни кеча тақдим этилган LG Watch W7 ҳам шундай гибрид соатлардан бири бўлиб, анъанавий смартвотчлардан фарқли равишда, унда моддий соат миллари ҳам бор. Лекин энг қизиғи – компания бунда аналогли соат циферблатини «ақлли» соат экрани устига мос келтириб ўрнатганидир. Тўлақонли Wear OS элементлари 1,2 дюймлик дисплейда акс этиб туради, унинг устида эса механик соатлардагидек миллар айланади. Смарт-соат режимига ўтиш учун корпуснинг ёнидаги тугмача босилади – шунда моддий миллар 3 ва 9 рақамлари устига бориб, дисплейдаги контентни бемалол кўришга имкон беради.

LG Watch W7 гаджетининг асосий ўзига хослиги – ишлаб чиқарувчи унинг автономлигини ақл бовар қилмас даражада оширган. Расмий маълумотларга кўра, вақтни ифодалаш режимида унинг қуввати нақ 100 кунгача етади. Смарт-соат режимида эса батареянинг қуввати икки кун ишлашга кифоя қилади.

Шуниси ҳам борки, смарт-соатнинг автономлигини ошириш учун LG унда айрим функциялардан воз кечишига тўғри келган. Жумладан, LG Watch W7 пульсометр, қадам санагич ҳамда NFC-модулдан мосуво қилинган. Бироқ унда саёҳатларда жуда асқотадиган барометр (атмосфера босимини ўлчагич) ҳамда альтиметр (баландлик ўлчагич) функциялари мавжуд.

ЎҚИНГ: Samsung Galaxy Watch: «ақлли» соатларнинг учинчи авлоди, бир қувват олса 80 соат ишлайди

LG Watch W7 аппарат қисми асосини Qualcomm маҳсулоти бўлмиш Snapdragon 2100 чипсети ташкил этади. Унинг тезкор хотираси 768 мегабайтга, доимий хотираси эса 4 гигабайтга тенг. Девайснинг аккумулятори ток сиғими 240 мА/соатни ташкил этади.

Шунингдек, соатнинг 22 миллиметрлик тасмача ва билагузуклар билан мос келишини ҳам таъкидлаш ўринли. LG Watch W7 корпуси IP68 стандартига кўра сув ва чанг киришидан муҳофазаланган. Дарвеқе, унинг соат механизми Швейцариянинг Soprod SA соатсозлик компанияси билан ҳамкорликда яратилган.

LG Watch W7 шу ойда, 450 АҚШ доллари нархида бозорга чиқади. Бизнинг Terashop.uz интернет-дўконимизда эса бир неча компанияларнинг айрим моделлардаги, бундан анча арзон «ақлли» соатлари савдога қўйилган. Уларни кўриб, таққослаш ҳамда онлайн харид қилиш учун мана бу ҳавола орқали ўтишингиз мумкин.

ЎҚИНГ: Apple Watch Series 4 – дунёдаги илк ромсиз смарт-соат тақдим этилди! (+видео)