Магистратурага онлайн ҳужжат топшириш бўйича батафсил маълумот
Кеча – 2 июль куни АОКА ҳузуридаги штабда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот котиби муҳим савол ва мурожаатлар юзасидан жавоб қайтарди. Бу ҳақда Sof.uz нашри хабар бермоқда.
Савол: Магистратурага ҳужжатларни қабул қилиш онлайн амалга оширилиши белгиланган эди. Шу ҳақда маълумот берсангиз?
Жавоб: Ҳужжат топшириш magistr.edu.uz сайти орқали онлайн амалга оширилади. Тизим 24 соат давомида узлуксиз ишламоқда. ОТМларда ҳужжат қабул қилинмайди!
Қабул жараёни 1 июлдан бошланган ва 30 июлгача (шу куни ҳам) давом этади. 1 июль кунининг ўзида 400 дан ортиқ ҳужжат рўйхатдан ўтказилди.
Ҳужжат топшириш учун керак бўладиган маълумотлар:
- Паспорт маълумотлари тўлдирилади. Бунда абитуриент ЖШШИР (Жисмоний шахсларнинг шахсий идентификацион рақами)ни ҳамда паспорт церийаси ва рақамини киритиши кифоя. Паспортнинг сканер ёки расм варианти талаб этилмайди;
- Доимий яшаш манзили (яъни прописка бўйича) киритилади;
- Бакалаврда тугатган таълим муассасаси маълумотлари киритилади;
- Дипломнинг расми ҳамда баҳолар қайд этилган илованинг сканер варианти юкланади;
- Агар абитуриент имтиёзларга эга бўлса, яъни чет тилини билиш сертификати, олимпиадалар ғолиблиги, Президент ёки номли стипендия соҳиби эканлиги ва ҳ.к.ларни тасдиқловчи ҳужжатлар киритилади;
Ҳужжат топширмоқчи бўлган мутахассислигини танлайди.
Абитуриентдан шундан бошқа қўшимча ҳужжатлар, масалан фотосурат, мақолаларининг нусхаси, тиббий маълумотнома талаб этилмайди.
Нотўғри расмийлаштирилган ёки қалбаки ҳужжат қабул қилинмайди.