Мактаб ёки университетда уяли телефон ишлатганларга қандай жазо берилади?

  •   DiMaX
  •  4990
  •  29.03.2019 17:46

Мактаб ёки университетда уяли телефон ишлатганларга қандай жазо берилади?

Кейинги пайтлар мактабда ёки университетда ўқувчи ва талабаларнинг смартфонлари таълим жараёнларига халақит бериши ҳолларига кўп гувоҳ бўлмоқдамиз. Аслида ўқувчилар мактабда телефон ишлатиши мумкинми? «Минбар» нашри шу масалага тўхталиб ўтган.

ЎҚИНГ: Мактаб, лицей, коллеж ўқувчи қизлари кибер хавфсизлик бўйича АҚШда малака оширади!

Таълим муассасасида телефондан фойдаланиш ўқув жараёнига халақит беради, таълим сифатини туширади, ўқитувчи ва ўқувчини дарсдан чалғитади. Синфдаги телефон глобал муаммога айланиб бўлган. Масалан, Франция президенти Эммануэл Макроннинг сайловолди кампаниясининг ваъдаларидан бири мактабда телефонлардан фойдаланишни тақиқлаш бўлган. Натижада 2018 йилда Франция мактабларида телефондан фойдаланиш ҳам ўқитувчиларга, ҳам ўқувчиларга тақиқланган. Россия ҳам яқин кунларда шундай чораларни кўрмоқчи.

Ўзбекистон 2012 йилдаёқ мактабда телефондан фойдаланишни тақиқлаган. Лекин бизда қонунлар унчалик ишламагани учун минглаб муаллимлар ҳамон ота-оналарга дарс вақтида болангизга қўнғироқ қилманг деб ялиниб юришади. Ўқувчилар ва талабалар ҳамон дарс пайти ёки ўқув биносида бемалол телефондан фойдаланишмоқда.

1. Аввало, телефон – боланинг ўзига зарар

  • Америкалик олимлар мактаб ўқувчиларининг телефонга қанчалик муккасидан кетишганини илмий жиҳатдан ўрганишган. Тадқиқотдан маълум бўлишича, ўқувчилар ҳар 10 дақиқада қўлига телефонини олади.
  • Мобил телефондан нурланиш ўсаётган организм учун хавфли ҳисобланади. Нурланиш одам организмига турлича таъсир кўрсатиши мумкин. Телефонларнинг электромагнитли нурланишлари хотирани сусайтиради, артериал қон босимининг ошиши ва уйқусизликка сабаб бўлади.
  • Нурланиш бутун организмга таъсир қилади, лекин марказий асаб тизими, иммунитет ва бош мия энг кўп азият чекади. Тадқиқотчиларнинг хулосасига кўра, мобил аппаратдан чиқадиган электромагнитли нурланиш одам организмидаги тўқималарда ирсий ўзгаришларга олиб келиши мумкин. Шундай ўзгаришлардан бири саратон касаллигидир. Телефондан узоқ муддат давомида фойдаланиш бош мия саратонига сабаб бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
  • Швед профессори Лейф Селфорднинг фикрига кўра, ҳозирги авлод ўсмирлари мобил телефондан фойдаланиши сабабли эрта қарий бошлайди.
  • Болаларнинг қулоқчинда соатлаб мусиқа тинглаши эшитиш қобилиятининг сусайишига олиб келади. Олимларнинг ҳисоблашича, кунига 3 соат қулоқчинда мусиқа тинглаш 5 йилдан кейин эшитиш қобилиятини 30 фоизга тушириб юборади.

ЎҚИНГ: Бугун «наушник», эртага қулоқ аппарати…

2. Мактабда телефондан фойдаланиш қоидалари

Ўқув биносида телефондан фойдаланиш тақиқланади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларида мобил телефонлардан фойдаланишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан белгиланган.

  • Таълим муассасасига кириб келишда ҳар бир таълим олувчи, ходим (ўқитувчилар ҳам!), келувчи ва бошқа шахслар ўз телефонини тўлиқ ўчириб қўйиши (ёки овозсиз режимга ўтказиши) шарт.
  • Ўқув машғулотлари ва тадбирлар (сафланиш, тарбиявий соатлар, байрам, спорт тадбирлари ва шу кабилар) бошланишидан олдин телефонни ўчириб қўйиш ёки телефонни портфел, сумка ва шу кабиларга солиб қўйиш шарт.

Таълим олувчиларга қуйидагилар қатъиян тақиқланади:

  • телефонини бўйнига осиб олиш, кўкрак чўнтакларида, шим, юбкалар чўнтакларида ва шу кабиларда сақлаш;
  • телефонни синфхонада зарядлаш;
  • телефони ёрдамида атрофдагиларга зўравонлик, шафқатсизлик, порнографияни тарғиб қилувчи видео ва суратларни намойиш қилиш;
  • таълим муассасасининг нуфузига, шу жумладан, зўравонлик ва вандализм ҳолатларини суратга олиш ва кейинчалик уларни атрофдагиларга намойиш этиш йўли билан зарар етказиш;
  • ўқув машғулотлари вақтида телефонда гаплашиш ва SMS (ММS) ё бошқа хабарларни жўнатиш;
  • телефонни стол устига қўйиш;
  • мусиқа, шу жумладан, қулоқчинлар орқали тинглаш;
  • телефонда ўйин ўйнаш, расм ва видео кўриш;
  • диктофон, калькулятор, календарь, блокнот, ёндафтарча кабилар сифатида фойдаланиш;
  • суратга ва видеотасвирга тушириш;
  • телефон (GPRS, Bluetooth, интернет ва шу кабилар) орқали бошқа хизматлардан фойдаланиш.

Таълим муассасасининг ўқитувчилари ва бошқа ходимлари ҳам ўқув машғулотлари вақтида телефондан фойдаланиш ҳуқуқига эга эмас. Дарсдан ташқари вақтда таълим олувчиларнинг телефондан фойдаланишини имкони борича чеклашлари шарт.

ЎҚИНГ: ДИҚҚАТ: ёнингиздаги смартфон ақлингизни пасайтиради!

3. Телефонни ишлатганлар учун жазолар

  • огоҳлантириш;
  • уларнинг кундалик дафтарига ёзиб қўйиш;
  • ота-оналарини (уларнинг ўрнини босувчи шахсларни) хабардор қилиш ёки тушунтириш учун таълим муассасасига чақириш.

Низом талабларини бузган талабаларга нисбатан олий таълим муассасасининг ички тартиб-қоидаларига мувофиқ чоралар кўрилади.

Низом талаблари бузилган тақдирда таълим муассасасининг ҳар қандай педагог ходими таълим олувчидан телефонни олиб қўйиш, низомни бузганлиги тўғрисида билдиришнома расмийлаштириш ва уни телефон билан бирга таълим муассасасининг (факультетнинг) директорига (деканига) ёки директор (декан) ўринбосарига, кейинчалик уни ота-оналарга (кураторга) бериш, низом талаблари бузилгани ҳақида огоҳлантириш ҳуқуқига эга.

Низом талабларининг бузилиши таълим муассасасида (факультетда) тузиладиган директор (декан) раҳбарлигидаги комиссия томонидан, синф раҳбари (куратор), таълим олувчининг ота-оналари (уларнинг ўрнини босувчи шахслар) иштирокида, шунингдек ота-оналар (талабалар) мажлисида муҳокама қилинади.

4. Телефон ишлатишга қачон рухсат берилади?

Ўқувчиларга машғулотлар ва тадбирлар оралиғида фақат асосли ва кечиктириб бўлмайдиган зарур ҳолатларда ота-онаси, яқин қариндошлари, мактаб раҳбарлари ёки ходимлари билан боғланиш мақсадида телефондан фойдаланишга рухсат этилади.

Машғулотлар ва турли тадбирлар оралиғида телефон орқали сўзлашиш учун хонадан йўлакка ёки фойега чиқиш, паст овозда ва қисқа мулоқот қилиш зарур.

Фавқулодда вазиятлар вужудга келган тақдирда таълим муассасаларида телефондан фойдаланиш чекланмайди.

ЎҚИНГ: Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мактабларидаги интернет тезлигини танқид қилди

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.