Мактабларда электрон кутубхоналар такомиллашмоқда

  •   DiMaX
  •  776
  •  04.04.2019 12:03

Мактабларда электрон кутубхоналар такомиллашмоқда

Наманган вилоятининг Чортоқ туманидаги 47-умумтаълим мактаби жамоаси ажойиб туҳфага эга бўлди, деб ёзади «Халқ сўзи» нашри. Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги мутахассислари бу ердаги компьютер синфида Q-Box қурилмасини ўрнатдилар ва ишга туширдилар.

ЎҚИНГ: Юртимизнинг чекка ҳудудларида Q-Box мосламалари ўрнатилмоқда

Энди мазкур маърифат масканидаги 15 дан зиёд компьютерларнинг барчасида Wi-Fi тизими шаклида ишлайдиган маълумотлар базаси ҳамда таълим дастурларидан фойдаланиш мумкин, дейилади хабарда.

Маълумки, ушбу қурилмадан исталган жойда, ҳатто энг олис ва чекка ҳудудларда ҳам фойдаланиш мумкин. Устига устак, ундаги маълумотларни нафақат локал тармоқда, балки смартфон, планшет, ноутбук орқали ҳам ўқиса бўлади. Чунки у ўзи ўрнатилган жойда 180 метр радиусда ахборот узата олиш қобилиятига эга.

– Мутахассисларимиз бу лойиҳани ишлаб чиқишга ўтган йил бошида, давлатимиз раҳбарининг Сурхондарё вилояти фаоллари йиғилишидаги маърузасида масала кўтарилгандан сўнг киришгандилар, – дейди Инновацион ривожланиш вазирлиги ходими Рустам Барноев. – Ўшанда ахборот-коммуникация технологияларидан таълим жараёнида янада кенгроқ фойдаланиш ҳақида гап борганди. Дастлаб Хитой Халқ Республикасида юзта Q-Box қурилмаси сотиб олинди. Уларнинг биринчи туркуми мамлакатимизнинг энг Жанубий минтақасидаги мактабларга ўрнатилди ва ҳозир ишлаб турибди. Айни пайтда мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам бу иш давом этмоқда. Мазкур янгилик жорий этилган жойларда интернет ёрдамисиз жуда катта ҳажмдаги ахборотдан фойдаланиш мумкин.

Мактаб ўқувчилари ва педагогларига тақдим этилаётган маълумотлар базаси жуда ранг-баранг. У махсус ишчи гуруҳи томонидан тасдиқланган ҳамда миллий қадриятлар нуқтаи назаридан текшириб кўрилган. Бу ерда инглиз, рус, француз, немис, корейс, хитой ва бошқа қатор тилларни интерфаол усулда ўрганиш курслари жойлаштирилган. Шунингдек, таржимонлик ҳамда бошқа ўқув курслари ҳам мавжуд. Бундан ташқари, умумтаълим мактабларининг барча синфи учун турли тилларда чиқарилган дарсликларнинг электрон нусхалари ҳам бор.

Яна бир эътиборли жиҳати – Q-Box орқали Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхонада сақланаётган 88 минг жилддан зиёд адабиётлар билан ҳам танишса бўлади.

Ушбу қурилма ҳозирча Наманган вилоятининг еттита билим масканига ўрнатилган.

ЎҚИНГ: Ўзбекистонда "ақлли университет" пайдо бўлади!

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.