Маълумотларимизни интернетдан ўчириб ташлаш учун 5 қадам

Маълумотларимизни интернетдан ўчириб ташлаш учун 5 қадам

Маълумотларингизни онлайн сайтлар, хизматлар ва қидирувлардан олиб ташлаш орқали ўзинг ҳақингиздаги маълумотларни интернетдан ўчиришга уриниб кўришингиз мумкин.

Онлайн дўконлар, ижтимоий тармоқ платформалари ва маълумотлар йиғиш сайтлари каби кўплаб хизматлардан ўзингизни ўчириш учун фойдаланишингиз мумкин бўлган расмий усуллар мавжуд.

ЎҚИНГ: Қандай қилиб интернетдан хавфсиз фойдаланиш мумкин? (1-қисм)

Қуйида ўзингизнинг барча ёки аксарият маълумотларингизни интернетдан олиб ташлаш учун энг муҳим бешта қадамни келтириб ўтамиз.

Агар сиз интернетдан ҳар қандай даражада фойдалансангиз, демак, шахсий маълумотларингиз интернетда мавжуд. Ўз исмингизни Google'дан қидириш орқали қайси маълумотларингиз интернетда борлигини билиб олишингиз мумкин. Ижтимоий тармоқлар, онлайн дўконлар, электрон почта манзилингиз ва бошқа маълумотларингиз интернет сайтларида сақланиб турган бўлиши аниқ.

Ўзимизни қандай қилиб интернетдан ўчириб ташлаш мумкин?

Бу осон бўлмаслиги мумкин, лекин шахсий маълумотларингизнинг кўп қисмини интернетдан ўчириб ташлаш мумкин. Шахсий маълумотларингизни интернетдан бутунлай ўчириб ташлаш, бир томондан, тавсия этилмаслиги мумкин. Чунки, масалан, иш берувчингизни сизни интернетдан қидириб, сиз ҳақингизда қўшимча маълумот олишга уриниши мумкин. Агар маълумотларингизни интернетдан ўчирмоқчи бўлсангиз, буни қандай амалга оширишингиз мумкинлигини қуйида келтириб ўтамиз.

Ижтимоий тармоқдаги маълумотларингизни ўчириш

Ижтимоий тармоқлар сиз ҳақингиздаги маълумотларни топиш энг осон бўлган манба саналади, шунинг учун, ишни шу ердан бошлаш керак. Профилларингизни ўчириб ташлашингиз керак — шунчаки аккаунтингиздан чиқиш ёки улардан фойдаланишни тўхтатиш кифоя эмас. Деярли барча ижтимоий тармоқ платформаларида аккаунтингизни ўчириб ташлаш имкони бор. Кўпчилик ижтимоий тармоқлар аввалига аккаунтингизни 30 кунгача бўлган муддатга музлатиб қўяди. Муддат тугагач эса, аккаунтингиз тизимдан ўчирилади.

Агар барча ижтимоий тармоқ саҳифаларингизни бутунлай ўчириб ташлашга тайёр бўлмасангиз, TikTok, Twitter, Instagram ва Facebook'даги профилларингизни махфий аккаунт қилиб қўйсангиз бўлади.

Маълумотларингизни маълумот тўпловчи сайтлардан ўчириб ташланг

Маълумот тўпловчи сайтлар (уларни кўпинча одамларни қидириш сайтлари деб аташади) ҳамма ҳақида жуда катта миқдордаги маълумотларни тўплайди. Бундай сайтларга кириб, ўзингиз ҳақингизда ҳам маълумот олишингиз мумкин. Spokeo, Whitepages, BeenVerified каби сайтлар шулар жумласига киради. Улар исталган одамга сиз ҳақингиздаги маълумотларни сотиши мумкин. Бундай сайтларнинг бизнес модели катта миқдордаги маълумотларни йирик ташкилотларга сотишга асосланган.

Ўзингиз ҳақингиздаги маълумотларни бу сайтлардан бирма-бир ўчириб чиқишингиз мумкин, лекин улар яна қайта сиз ҳақингизда маълумот йиғаверади, яъни бундай сайтлардан ўзингизни бутунлай ўчириб ташлаш имконсиз. Бунинг ўрнига сиз Delete Me ёки Privacy Duck сингари онлайн хизматлардан фойдаланишингиз мумкин. Лекин бу сервислар арзон эмас. Delete Me'нинг йиллик обунаси 129, Privacy Duck'ники эса 500 доллардан бошланади. Маълумотларингиз доимий равишда интернетдан ўчириб борилишини хоҳласангиз, ушбу хизматлардаги обунангизни доим янгилаб боришингизга тўғри келади, чунки ўзингиз ҳақингиздаги маълумотларни интернетдан ўчириб ташлаш фақатгина вақтинчалик ечим холос — бир неча ойдан сўнг яна маълумотларингиз юқоридаги каби сайтларда пайдо бўлиши аниқ.

Онлайн дўконлардаги аккаунтларингизни ўчириб ташланг

Сиз харидни амалга оширган ҳар қандай онлайн дўкон маълумотларингизни йиғиб боради. Amazon, Best Buy, eBay каби дўконларда аккаунт яратган бўлсангиз, уларни бирма-бир ўчириб чиқинг. Кўплаб онлайн дўконларда аккаунтни ўчириш учун махсус ҳавола/саҳифа бўлмайди. Бундай ҳолларда мижозларни қўллаб-қувватлаш маркази билан боғланинг.

Форумлар ва сайтлардаги изоҳ/постларингизни ўчириб ташланг

Агар юқоридаги ҳаракатларнинг барчасини амалга ошириб бўлган бўлсангиз, демак, интернетда сиз ҳақингизда деярли маълумот қолмабди. Бутунлай эмас, деярли. Бирор-бир вебсайтдаги изоҳлар, комментлар; форумларда қолдирилган постларингизни ҳам эсдан чиқарманг. Аммо форумалардан коммент ёки постларингиз ўчириб ташлаш осон бўлмаслиги мумкин.

Электрон почтангизни деактивация қилинг

Тўғри, электрон почтага кўп ишимиз тушади, лекин ўзингиз ҳақингиздаги маълумотларни интернетдан чиндан ҳам бутунлай ўчириб ташлашни хоҳласангиз, email манзилингизни ҳам музлатиб қўйинг ёки ўчириб ташланг.

ЎҚИНГ: Интернетдаги кузатувчилардан ҳимоя қилувчи энг ишончли браузер қайси?