"Мана шунинг учун биз бу ойда Telegram Premium обунасини тақдим этамиз"

Telegram асосчиси Павел Дуров кеча Telegram Premium пуллик обунасини расман эълон қилди. Қуйида унинг гапларини ўзбек тилида ўқишингиз мумкин:

"Деярли 9 йил олдин Telegram ишга туширилган кундан бошлаб биз фойдаланувчиларга бошқа хабар алмашиш иловаларига қараганда кўпроқ функция ва ресурсларни тақдим этиб келмоқдамиз. Telegram каби кучли, бепул илова 2013 йилда инқилобий бўлган ва 2022 йилда ҳам беназирдир. Ҳозиргача чатлар, медиа ва файлларни юклаш борасидаги чекловларимиз эса тенгсиздир.

Лекин шунга қарамай, кўпчилик биздан ҳозирги чегараларни ҳам янада оширишимизни сўрашди, шунинг учун биз аллақачон ақлдан оздирадиган даражада бўлган нарсадан сизни узоқроққа олиб бориш йўлларини кўриб чиқдик. Муаммо шундаки, агар биз ҳамма учун барча чекловларни олиб ташласак, бизнинг серверимиз ва трафик харажатларимизни бошқариб бўлмай қолади ва бунда байрам, афсуски, ҳамма учун тугайди.

Бироз ўйлаб кўрганимиздан сўнг, мавжуд функцияларимизни бепул сақлаган ҳолда энг талабчан мухлисларимизга кўпроқ имкониятларни тақдим этишнинг ягона йўли бу оширилган чекловларни пулли вариант қилиш эканлигини англадик. Мана шунинг учун биз бу ойда ҳар кимга қўшимча функциялар, тезлик ва ресурсларга эга бўлиш имконини берадиган Telegram Premium обуна режасини тақдим этамиз. Шунингдек, у фойдаланувчиларга Telegram'ни қўллаб-қувватлаш ва янги функцияларни биринчи бўлиб оладиган клубга қўшилиш имконини беради.

Хавотир олманг: барча мавжуд хусусиятлар бепул бўлиб қолади ва ҳали яна кўплаб янги, бепул хусусиятлар пайдо бўлади. Бундан ташқари, ҳатто Telegram Premium'га обуна бўлмаган фойдаланувчилар ҳам унинг баъзи афзалликларидан баҳраманд бўлишлари мумкин: масалан, улар Premium фойдаланувчилари томонидан юборилган катта ҳажмдаги ҳужжатлар, медиа ва стикерларни кўришлари ёки хабарга олдиндан билдирилган Premium реакцияларни худди шундай муносабат билдириш учун босишлари мумкин бўлади.

Оммавий каналларда махфийликка асосланган рекламалар бўйича ўтказган тажрибаларимиз биз кутганимиздан ҳам муваффақиятлироқ бўлган бўлса-да, мен Telegram'ни реклама берувчилар эмас, биринчи навбатда унинг фойдаланувчилари молиялаштириши керак, деб ўйлайман. Шунда бизнинг фойдаланувчиларимиз доимо бизнинг асосий устуворлигимиз бўлиб қолади."

Дуров сўзларига қараганда, Telegram Premium обунаси шу ойда, навбатдаги илова янгиланиши билан келади. Маълум бўлишича, обуна нархи ойига 4.99 доллар (55.000 сўм атрофида) бўлади.

ЎҚИНГ: Telegram Premium'нинг барча хусусиятлари маълум бўлди!

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!