Марказий банк Ўзбекистонда қачон PayPal очилишини маълум қилди

  •   DiMaX
  •  9067
  •  29.10.2020 09:00

Марказий банк Ўзбекистонда қачон PayPal очилишини маълум қилди

UzCard аллақачон Qiwi, «Яндекс.Деньги» ҳамда WebMoney билан битим имзолаган, PayPal билан музокара олиб борилаётгани ҳам айтилган эди. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки юртимизда PayPal тизими ишга тушиши бўйича батафсил маълумот берди.

ЎҚИНГ: PayPal орқали энди криптовалюта олиш ва сотиш ҳам мумкин

«PayPal» ўзи нима?

«PayPal» – бу халқаро тўлов тизими бўлиб, АҚШнинг PayPal Holdings Inc. компанияси томонидан ташкил этилган. Ташкилий-ҳуқуқий шакли жиҳатидан очиқ акциядорлик жамияти (public company) ҳисобланади ва акциялари NASDAQ биржасида савдо қилинади.

Мазкур тўлов тизимида тўловларни амалга ошириш мақсадида банк карталари («Visa», «MasterCard», «AmEx» ва ҳ.к.) бириктирилади ва улар орқали пул маблағларини электрон ҳамёнларга кирим қилиш ҳамда пулни қайтариб олиш имконияти мавжуд. Тўлов тизими томонидан ундириладиган ҳақ (комиссия) тўловнинг турига қараб 3,4 фоиз+$0,30 гача, валюталар конвертациясида эса 3,9 фоизни ташкил этади.

«PayPal» Ўзбекистон учун нимага керак?

Ўзбекистонда фаолият юритаётган дастурчи-фрилансерлар ўзлари яратган дастур ва рақамли контентни (реклама, ўйин токенлари ва бошқаларни) чет эллик мижозларга (харидорларга) сотиш учун турли хил электрон платформалардан фойдаланадилар. Мазкур платформалар томонидан дастур ёки рақамли контентдан тушган маблағлар йиғилиб, дастурчи-фрилансерларга тўлаб берилади.

Маҳаллий дастурчиларнинг берган маълумотларига кўра, электрон платформаларнинг кўпчилиги, хусусан, энг йирик «Google PlayMarket» ёки «Apple AppStore» иловалар дўкони томонидан ўзбекистонлик дастурчиларга тўловлар банк карталари ёки одатий банк пул ўтказмалари орқали ҳеч қандай муаммоларсиз тўлаб берилмоқда.

Бироқ айрим ихтисослашган платформаларда, хусусан, «Upwork», «Fiverr» ёки ўйин токенлари сотиладиган «Envato», «Storyblocks» ва шунга ўхшаш тизимларда тўловлар фақат «PayPal» тўлов тизими орқали амалга оширилиши мумкин.

ЎҚИНГ: ТОП-10: Коронавирусдан фойда олаётган IT-компаниялар

Муаммо ўзи нимада?

Ҳозирги кунда «PayPal» тўлов тизимида электрон ҳамёнларни Ўзбекистон ҳудудида муомалага чиқарилган банк карталарини бириктирган ҳолда пул маблағлари билан тўлдириш имконияти мавжуд эмас. Мазкур чекловни ушбу тўлов тизими Ўзбекистонда бирор давлат органи ёки бошқа ташкилот билан келишмаган, муҳокама қилмаган ҳолда мустақил равишда ўрнатган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 майдаги «Электрон тижоратни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–3724-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан «PayPal» компанияси билан ўтказилган дастлабки музокараларда компания яқин келажакда мазкур тизимни республикамизда жорий этиш режалаштирилмаганлигини билдирган.

Марказий банк «PayPal»га нисбатан чеклов ўрнатганми?

Марказий банк аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун хорижий тўлов тизимига уланиш, шунингдек, республика банклари томонидан муомалага чиқарилаётган «Visa», «MasterCard», «UnionPay» ёки «МИР» карталарини хориждаги электрон ҳамёнларга бириктириш юзасидан ҳеч қандай чеклов ўрнатмаган. Мисол учун, бугунги кунда фуқароларимизнинг «WebMoney», «QIWI» ва бошқа шунга ўхшаш хорижий электрон ҳамёнлар тизимларидан фойдаланиши тобора кенг тус олмоқда.

ЎҚИНГ: ТОП-10: Ўзбекистондаги киберхавфсизлик таъминланган ташкилотлар

 «PayPal» ўрнатган чекловни Марказий банк бекор қила оладими?

Марказий банк томонидан хорижий давлатларнинг илғор тажрибаси, халқаро норма ва қоидаларини ўрганиш асосида ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасининг «Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида»ги Қонунида (ЎРҚ-378, 2019 йил 1 ноябрь) электрон пуллар муомаласига, шунингдек, тўлов тизимлари устидан назорат ва кузатув ваколатига доир нормалар ўрин олган.

Шунга кўра, Марказий банкнинг тўлов тизимлари устидан назорат ва кузатув ваколати республикамиз ҳудудида фаолият юритувчи тўлов тизимлари фаолиятига тегишли бўлиб, бошқа давлатлар, жумладан, АҚШда ташкил этилган ва фаолият юритаётган тўлов тизимларига тааллуқли эмас.

Марказий банкнинг тўлов тизимлари устидан назорат ва кузатув ваколати доирасида «PayPal» тўлов тизимидаги Ўзбекистонда муомалага чиқарилган карталарга нисбатан ўрнатилган чекловни маъмурий йўл билан бекор қилиш имконияти мавжуд эмас.

Қачонки «PayPal» тўлов тизими Ўзбекистонда тегишли бўлинма очиб, миллий валюта – сўмда тўловлар ва амалиётларни амалга оширмоқчи бўлса (Россияда фаолият юритаётган ООО НКО «ПейПал РУ» каби), у ҳолда амалдаги қонунчиликка кўра, «PayPal» Марказий банкдан тегишли лицензия олиши ва ўрнатилган тартибда назорат ва кузатув остида бўлиши талаб қилинади.

Дастурчи-фрилансерлар нима қилиши керак?

«Ўзбекистон Республикаси ҳудудида электрон пулларнинг чиқарилиши ва муомалада бўлиши қоидалари»га (рўйхат рақами 3231, 29.04.2020 йил) мувофиқ, Марказий банк томонидан «OSON», «СLICK» ва «PAYME» тўлов тизимлари электрон пуллар тизими реестрига киритилган.

Ҳозирда мазкур электрон пуллар тизимларида очилган электрон ҳамёнларига «WebMoney» ва «QIWI» электрон ҳамёнлари орқали электрон пулларни ўтказиш имконияти мавжуд. Шу билан бирга, «OSON» ва «СLICK» электрон пуллар тизими операторлари томонидан «PayPal» ташкилоти билан ўзаро ҳамкорлик юзасидан музокаралар олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, республикамиз тижорат банклари томонидан «Visa», «Mastercard», «Unionpay» халқаро тўлов тизимлари билан ўзаро келишув асосида муомалага чиқарилаётган чет эл валютасидаги банк карталари ёрдамида интернет орқали онлайн тўловларни амалга ошириш имконияти ҳам мавжуд.

Ушбу халқаро банк карталари орқали дунёнинг деярли барча электрон тижорат соҳасида фаолият юритувчи ташкилотларига интернет орқали онлайн тўловларни амалга ошириш мумкин. Ўз навбатида, тижорат банклари томонидан халқаро банк карталари орқали онлайн тўловларни амалга ошириш учун рақобатбардош ва жозибадор тарифлар тақдим этилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, «PayPal» тўлов тизими томонидан ўрнатилган чеклов бекор қилинмагунига қадар, дастурчи-фрилансерлар муқобил электрон ҳамёнлар – «WebMoney», «QIWI», «Яндекс.Деньги» хизматларидан фойдаланишлари ёки тўловларни тўғридан-тўғри банк карталари орқали қабул қилишлари мумкин. Банк карталари ёрдамида амалга оширилган тўловлар нарх борасида, яъни электрон тижорат субъектлари тўлайдиган комиссиянинг нисбатан камлиги (0-2,5 фоиз) жиҳатидан ҳам энг мақбул восита бўлиши мумкин.

ЎҚИНГ: Ойига 5 000 – 7 000 доллар даромад топаётган 23 ёшли дастурчи Сардор Исломов билан суҳбат

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.