Марказий Осиё мамлакатларида рақамлаштириш қандай кечмоқда?

  •   DiMaX
  •  278
  •  06.08.2021 12:39

Марказий Осиё мамлакатларида рақамлаштириш қандай кечмоқда?

COVID-19 пандемияси рақамли технологиялар биз учун ўйлаганимиздан ҳам кўпроқ кераклигини исботловчи аччиқ ҳақиқат бўлди. Вируснинг кириб келиши, карантин, изоляция... кутилмаган технологик оқибатлар одамларни ҳам, ҳукуматларни ҳам шошилтириб қўйди. Иқрор бўлиш керак, айни бир пайтда мамлакатларда ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) ва рақамли хизматларнинг қанчалик тайёрлиги ва имкониятларини синовдан ўтказган ҳам — пандемия, деб ёзади Xabar.uz нашри.

ЎҚИНГ: Суд қарори: «Коронавирус пандемиясини Билл Гейтс ва Жорж Сорос яратган!»

Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари (COVID-19 расман қайд этилмаган Туркманистондан ташқари) давом этаётган пандемия билан курашмоқда. Коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун 2020 йилдан жуда қаттиқ чоралар қўлланилиши бошланди: мутлақ карантин, масофадан ишлаш, онлайн таълим, онлайн давлат хизматлари, автоматлаштирилган чат-ботлар ташкил этилди. Аммо ушбу рақамли хизматларни амалга ошириш АКТ инфратузилмасига, хусусан, интернетга уланиш қамрови, тезлиги ва кучига боғлиқ эди. Миллий рақамли стратегиялар, давлат хизматлари ва электрон ҳукуматни рақамли амалга ошириш даражаси ҳам мамлакатларнинг изоляция шароитида пандемияга қарши курашдаги натижаларида бевосита аксини топди.

Қозоғистон

Қозоғистон пандемиягача рақамли технологияларни жорий этишда Марказий Осиё етакчисига айланган эди. «Рақамли Қозоғистон» дастурига 2017 йилнинг декабрида старт берилган. Шимолий қўшнимиз 2008 йилда ишга туширилган электрон ҳукумати билан минтақадан ташқарида — Осиё ва жаҳонда ҳам тилга тушган.

Бу ютуқларни янада мустаҳкамлаш учун сўнгги йилларда давлат хизматлари ва янги технологиялар тўғрисида бир нечта янги қонунлар қабул қилинди. Қозоғистонда 2020 йилдаёқ давлат хизматларининг 83 фоизи электрон ҳукумат тизими зиммасига ўтди (Zerde, 2020).

БМТнинг сўнгги эълон қилинган электрон ҳукуматлар рейтингида Қозоғистон 29-ўринга кўтарилди (2018 йилда 39-ўринда эди). Мамлакат электрон иштирок ва очиқ ҳукумат индекси жуда юқори мамлакатлар қаторида (БМТ, 2020).

ЎҚИНГ: Apple ва Netflix айнан Ўзбекистонни танлади. Нега Қозоғистонни эмас?

Қирғизистон

Қирғизистонда 2019 йилда «Рақамли Қирғизистон 2019–2023» рақамли шакллантириш миллий дастури концепцияси қабул қилинган. Ўша йили «Қирғизистонда рақамли рақамли ривожланиш ва рақамлаштириш йили» деб эълон қилинган.

Бунга қадар 2017 йилда ҳукумат миллий рақамли инфратузилмани яхшилашга қаратилган «Таза Коом» рақамли шакллантириш дастурини ҳам қабул қилганди.

Мамлакатда интернет қамрови даражаси ва нархларининг юқорилиги каби муаммолар мавжудлигига қарамасдан, электрон ҳукумат тизими — e-kyzmat аҳоли учун тақдим этилаётган электрон хизматларини мунтазам кенгайтириб боряпти, 2023 йилга бориб барча давлат хизматларининг 80 фоизини электрон ҳукумат платформасига ўтказиш кўзда тутилган.

БМТнинг 2020 йилги рейтингида, Қирғизистон 83-ўринни банд этди. Мамлакатнинг EGDI (e-Government Development Index) ва электрон иштирок индекси юқори, шу билан бирга, давлат маълумотлари очиқлиги индекси ўртача баҳоланган.

ЎҚИНГ: Марказий Осиё: қаерда қайси мессенжер оммалашган?

Тожикистон

Тожикистон «2012–2020 йилларда электрон ҳукуматни шакллантириш концепцияси»ни 2011 йилда тақдим этганди. Уч босқичда амалга оширилиши режалаштирилган ушбу концепция белгиланган муддатидан анча кечикди: интернетга уланиш даражасининг пастлиги ва нархларининг қимматлиги (жумладан, интернет учун жорий этилган 5 фоизлик акция солиғи), бутун мамлакат бўйлаб АКТ инфратузилмасининг мавжуд эмаслиги каби омиллар лойиҳанинг оқсашида сабаб бўлди.

2020 йилги маълумотларга кўра, мамлакатнинг аҳолисининг фақат 26 фоизи интернетга уланган.

Бу ҳолатлар БМТ рейтингида ҳам аксини топди: Тожикистон — 133-ўринда. Мамлакатнинг EGDI ва электрон иштирок индексларига ўртача, ҳукумат маълумотлари очиқлигига паст баҳо қўйилган.

ЎҚИНГ: Тожикистон фуқароси ижтимоий тармоқлардаги «Like» ва «Класс»лари сабабли салкам 10 йилга қамалди

Туркманистон

Туркманистон «Рақамли иқтисодиётни 2025 йилгача ривожлантириш концепцияси»ни 2019 йилда қабул қилган. 2020 йил март ойида эса электрон ҳужжат алмашинуви ва рақамли хизматлар тўғрисидаги қонун қабул қилинди. Туркманлар электрон ҳужжат алмашинувини 2021 йилдан жорий этишни мўлжаллаган, қолаверса, президент Гурбангули Бердимуҳаммедов мутасадди шахслардан электрон ҳукумат тизимини тезроқ ишга туширишни талаб қилмоқда.

Бироқ АКТ инфратузилмаси ва интернет қамровининг паст даражада экани электрон ҳукуматни ишга туширишни оғирлаштириши тайин. Қолаверса, Datareportal маълумотларига кўра, мамлакат аҳолиснинг атиги 1,2 фоизи ижтимоий тармоқлардан фойдаланмоқдаки, бу ҳам аҳолининг рақамли саводхонлик даражаси анча пастлигидан далолат беради.

БМТга аъзо 193 мамлакат орасида Туркманистон электрон иштирок ва ҳукумат маълумотлари очиқлиги индекслари паст даражадалиги боис 158-ўринда турибди.

ЎҚИНГ: Туркманларга Одноклассники, Facebook, Twitter ва бошқа ижтимоий тармоқлар керак эмас. Уларнинг “Би-Би”си бор!

Ўзбекистон

Мамлакатимизда «Рақамли Ўзбекистон-2030» дастури амалга оширилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2020 йилга «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» номи берилди, давлат раҳбари кейинги беш йилда рақамли иқтисодиётга ўтилиши чораларини баён қилди. Президентнинг 2020 йил апрелидаги фармони аксарият давлат хизматларининг электрон ҳукумат тизимига уланиши жараёнларини тезлатиб юборди.

БМТ рейтингида Ўзбекистон ҳозирча 87-ўринни банд этиб турибди. Мамлакатимизнинг электрон иштирок ва давлат маълумотлари очиқлиги индекслари жуда юқори баҳоланган. Мамлакатимизда АКТ инфратузилмасини янгилаш ва ривожлантириш йўналишида жуда катта ишлар қилинмоқда — келгуси рейтинглардан яхшироқ натижалар кутиб қоламиз.

Умуман олганда, Марказий Осиёнинг ҳар бир мамлакати электрон ҳукуматни барпо этиш ва ривожлантириш борасида ўз миллий стратегиясига эга. Бироқ барча учун баробар, ўзгармас шарт бу — сифатли АКТ инфратузилмаси. Жаҳон банки маълумотларига кўра, Марказий Осиё интернет тезлиги паст ва аксинча, нархи қимматроқ минтақалар сирасига киради. Бу эса минтақада рақамли алоқанинг ривожланиши йўлида катта тўсиқ. Шундан келиб чиқиб, минтақамизда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам катта лойиҳалар амалга оширилиши бошлаб юборилган.

Қолаверса, минтақалар ўртасидаги рақамли жарликни қисқартириш мақсадида, Жаҳон банки Digital CASA (Рақамли Марказий Осиё — Жанубий Осиё) ҳудудий дастури концепциясини ишлаб чиққан, унда минтақада интернетга кенг полосали уланишни яхшилаш ҳамда интеграциялашган рақамли инфратузилмани ривожлантириш кўзда тутилган (Ушбу дастурга кейинги мақолаларда батафсил тўхталамиз).

Бир сўз билан айтганда, Марказий Осиё рақамли ривожланишда айрим минтақалардан ортда қолаётгани факт, бироқ сўнгги йилларда минтақамиз мамлакатлари ҳукуматларининг рақамли технологияларни жорий этишда позитив сиёсат юритаётганига ҳам кўз юммаслик керак. Давом этаётган пандемия бизнинг рақамли имкониятларимизни чинакам синовдан ўтказди, таъбир жоиз бўлса, қайсидир маънода технологияларнинг ривожланишига туртки ҳам бериб юборди. Бугунги шароитда рақамли технологиялар бизнес учун ҳам, жамият учун ҳам сув ва ҳаводек зарур эканини барча англаб етмоқда.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш таъкидлаганидек, «COVID-19дан кейинги дунё бутунлай бошқача, олдингисига қараганда анча рақамлашган бўлади».

ЎҚИНГ: Фаррош, қоровул, чой тарқатувчи... Ўзбекистонда кимлар IT-мутахассисдан ИККИ КАРРА КЎП маош олади?

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!