Марсга парвоз сари илк қадам: SpaceX икки фазогирни учирди!

  •   DiMaX
  •  2129
  •  01.06.2020 10:14

Марсга парвоз сари илк қадам: SpaceX икки фазогирни учирди!

Кеча – 2020 йилнинг 31 май санаси инсоният тарихига олтин ҳарфлар билан ёзиб қўйиладиган кун бўлди. Чунки илк бор хусусий компания – SpaceX фазога одам учирди.

ЎҚИНГ: «Вау, ишлаб кетди!»: Илон Маск космос орқали илк твитни жўнатди

Falcon 9 ракетаси учига ўрнатилган Dragon капсуласида НАСАнинг икки фазогири ниҳоят космосга учишга муваффақ бўлди.

Флоридадаги Кеннеди фазо марказидан маҳаллий вақт билан соат 15:22 (Тошкент вақти билан – 00:22) да ракета осмонга кўтарилди. Орадан 12 дақиқа ўтиб, фазогирлар қуйи орбитага етиб борди ва капсула ракетадан ажралиб чиқди. Уни космосга олиб чиққан ракета ерга қайтиб тушиб, океандаги «Of course I still love you» дрон-кемасига муваффақиятли қўнди.

Dragon капсуласи фазодаги парвозини давом эттириб, 19 соат давомида Ерни бир марта айланиб чиқди ва шундан сўнг Халқаро фазо станциясига уланди. Яъни, ушбу миссия муваффақиятли амалга ошиб улгурди.

ЎҚИНГ: NASA сизга ҳам фазога виртуал парвоз қилиш имконини берди!

Кечаги миссия NASA томонидан амалга оширилди. Яъни буюртмачи давлат ташкилоти, ижрочи эса хусусий SpaceX компанияси.

NASA‘нинг мақсади – Халқаро фазо станциясига фазогирларни чиқариш ва у ерда олиб борилаётган тадқиқотларни давом эттириш. Айни пайтда бу станцияда икки россиялик ва бир америкалик астронавт бор. Бугунги икки фазогир ҳам уларга бориб қўшилади. У ерда астронавтлар космоснинг одам соғлигига, турли биологик мавжудотларга таъсирини ҳамда бошқа экспериментларни амалга оширади. Бу космосни тадқиқ қилишга бағишланган узоқ муддатли халқаро лойиҳаларнинг бир қисми.

SpaceX’нинг мақсади эса космик туризмни бошлаш. Шунга имкон берадиган, яъни одамни космосга учира оладиган кема синовдан ўтказилди. Ҳаммаси муваффақиятли тугаса, энди фазо туризмига ҳам рухсат берилади. Яъни SpaceX бундан буён оддий фуқароларни ҳам космосга учиришни бошлайди.

ЎҚИНГ: Ўзга сайёраликлар чиндан борми? Жуманазар акага ишониш учун 10 сабаб

SpaceX одамларни дастлаб Ер атрофида айлантиришни, Ойга учиришни ва ниҳоят Марсга юборишни режаламоқда.

Компания асосчиси Илон Маск эса Марсда одамлар доимий яшовчи колония яратиш энг асосий орзуси эканини айтган. Унга кўра, ерда сунъий интеллект ва роботлар ривожланиб кетиб, инсоният ҳаёти хавф остида қолиши мумкин. Марс – одамлар қочиб борадиган манзил вазифасини ўташи керак.

Эслатиб ўтамиз: Илон Маск фазовий сайёҳлик ва Марсни эгаллашдан ташқари, Starlink лойиҳаси доирасида бутун Ер юзини текин интернет билан таъминлашни ҳам ният қилган.

ЎҚИНГ: Илон Маск миллиардларини қандай топган?