Машҳур наркобароннинг акаси энг арзон букламафон тақдим этди ва Apple’ни яксон қилишга сўз берди!

  •   DiMaX
  •  2197
  •  03.12.2019 14:14

Машҳур наркобароннинг акаси энг арзон букламафон тақдим этди ва Apple’ни яксон қилишга сўз берди!

Колумбиялик таниқли наркобарон Пабло Эскобарнинг туғишган акаси Роберто Эскобар ўзининг биринчи буклама смартфонини намойиш қилди. Escobar Fold 1 деб номланган бу гаджет энг арзон букламафон бўлиб чиқди – нархи атиги 349 доллар!

ЎҚИНГ: Apple Store’га салкам бир килограмм наркотик модда етказиб беришди!

Ҳозирда энг оммабоп ва зўр буклама смартфонлар – Samsung Galaxy Fold ҳамда Huawei Mate X бўлса, Escobar Fold 1 ўзининг арзонлиги билан бозорда ўз ўрнини топиши кутилмоқда. Бундан ташқари, Роберто Эскобар ўз маҳсулотини оммалаштиришнинг антиқа йўлини топди – Apple’га қарши уруш очди!

Digital Trends нашрига берган интервьюсида Робертонинг таъкидлашича, унинг мақсади – Apple’ни йўқ қилиш экан. Купертинолик корпорацияни у фирибгарлар деб атади ва 2020 йилнинг 6 январида унга қарши судга бериладиган аризага қўшилаётганини айтди. Эскобарнинг фикрича, Apple нақ 30 миллиард долларни, яъни «нолегал даромаднинг бир қисмини кишиларга қайтариши керак». Роберто Эскобар ҳатто бу суд ишларига миллион доллар сарфлашга ҳам тайёрлигини билдирган.

ЎҚИНГ: Apple барчани тинглар экан - уни судга беришди!

Смартфонга қайтадиган бўлсак, Escobar Fold 1 диагоналига 7,8 дюймлик AMOLED-дисплейга эга. Full HD+ сифатида тасвир узатишга қодир бўлган бу экран ўртасидан букилади. Унинг қўшимча экрани йўқ, шу боисдан смартфондан кўра кўпроқ планшетга ўхшайди. Базавий жамланмасида Snapdragon 8150 процессори ва 6 ГБ тезкор хотирага эга. Яна у қўшалоқ камера, бармоқ изи сканери ҳамда тезкор қувватланувчи 4000 мА/соатлик аккумулятор билан ҳам таъминланган.

Лекин аслини олганда Escobar Fold 1 дегани – ўтган йилнинг ноябридаёқ тақдим этилган энг биринчи букламафонRoyole FlexPai моделининг нусхасидир. Ушбу қурилманинг илк партияси тезда сотилиб тугатилгани ҳамда таниқли техноблогер JerryRigEverything аёвсиз синаб кўрсатган видеосини эълон қилганмиз.

Қизиғи шундаки, оригинал FlexPai букламафони бундан анча қиммат туради: унинг 6/128 гигабайтлик хотиралиси 1337 АҚШ долларига, 8/256 ГБлиги 1486 долларга, 8/512 гигабайтлиги эса 1932 долларга нархланган. Роберто Эскобар эса уни олиб, тилларангга бўяб, яна тўрт баравар арзонга сотяпти!

Наркобароннинг акаси «Apple’ни йўқ қилиш» стратегиясини пиар сифатида танлагани маълум, аммо Escobar Fold 1 савдоси қандай бўлиши ҳақида ҳозирча бир нима дейиш қийин.

ЎҚИНГ: Арзон iPhone’лар энди дунё бозорига ҳам чиқади

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.