Машҳур «устабузармон» 2021 йилнинг синмайдиган ва букилмайдиган ягона ўйин смартфонини эълон қилди (+видео)

  •   DiMaX
  •  1359
  •  24.04.2021 14:54

Машҳур «устабузармон» 2021 йилнинг синмайдиган ва букилмайдиган ягона ўйин смартфонини эълон қилди (+видео)

Зак Нельсон номи сизга таниш: у турли смартфонларнинг мустаҳкамлигини аёвсиз синаб кўриб, видеоларини JerryRigEverything номли YouTube-каналида улашади. «Қурилмаларни қийновчи» ушбу видеоблогер яқинда 2020 йилнинг энг, энг, энг... смартфонлари рейтингини эълон қилган эди.

ЎҚИНГ: «Қурилмаларни қийновчи» видеоблогер синаб кўрди: Galaxy S21 Ultra қанчалик мустаҳкам?

Зак Нельсон (Zack Nelson) сўнгги тестларидан бирида жорий йилдаги энг кучли геймерофонлари орасида қай бири энг мустаҳками эканлигини эълон қилди. Умуман олганда, айнан ўйинларга мосланган зўр смартфонлар унчалик кўп эмас. ASUS компанияси март ойида ROG Phone бренди остида учта русумда – ROG Phone 5, ROG Phone 5 Pro ҳамда ROG Phone 5 Ultimate ўйин смартфонларини намойиш қилган эди. Lenovo компанияси геймерларга мўлжалланган иккинчи авлод смартфони – Legion 2 Pro моделини чиқарган.

Шунингдек, Xiaomi корпорациясининг ўйин қурилмаларига ихтисослашган бренди тақдим этган флагманлар – Black Shark 4 ҳамда Black Shark 4 Pro телефонлари бор.

ASUS’нинг стандарт геймерофони ва Lenovo ўйинбоп смартфонини Зак Нельсон аввалроқ «қийнаб» кўрган ва уларнинг корпуси мўртлигини айтган эди. Black Shark 4 моделини эса у яқинда синаб кўрди ва қўшимчасига уни совитувчи Fun Cooler 2 аксессуарининг ҳам «ичак-човоғини» чиқариб, ишлаш тамойилини кўрсатиб берди.

ЎҚИНГ: Дунё бўйича энг қудратли Android-флагманлар (AnTuTu рейтинги, 2021 йил март)

Тестда маълум бўлишича, Black Shark 4 смартфонининг ҳимоя плёнкаси остидаги экрани Моос қаттиқлик шкаласи бўйича 6-даражадаги босим остида тирналади. Дисплей алангага тахминан 25 сония бардош беради, кейин оқара бошлайди; лекин кейин у ўзини тиклаб олади.

Тўртинчи авлод «Қора акула» корпусининг каркаси ва тугмачалари металлдан ишланган бўлиб, ҳаттоки болға билан енгилроқ зарба берганда ҳам чидайди.

Зак Нельсон юқоридаги омилларни ҳисобга олиб ва бошқа геймерофонлар тестлари билан солиштириб, Black Shark 4 моделини 2021 йилнинг синмайдиган ва букилмайдиган ягона ўйин смартфони, деб эътироф этди. Қизиғи шундаки, у нариги икки смартфондан арзонроқ ҳам туради!

Эслатиб зтамиз, мазкур влогер Xiaomi’нинг энг мустаҳкам смартфони – 2019 йилнинг ноябрида чиққан ўрта нархли модели эканини маълум қилган эди.

ЎҚИНГ: Ўрта нархли ўнта энг зўр смартфон (AnTuTu глобал рейтинги, 2021 йил март)