Математика энди муаммо эмас!

Математика энди муаммо эмас!

Мактаб ёки университетдаги математика дарсларида қийналасизми? Хавотирга асло ўрин йўқ: Microsoft ёрдамга келади. Компаниянинг энг сўнгги Microsoft Math Solver иловаси билан елкангиздан тоғ ағдарилгандек бўлмайди, ростдан ағдарилади. 

Android Authority'даги мутахассисларнинг ёзишича, улар ҳозиргача ўтказган синовларда илова рисоладагидек ишлаган. Бироқ сайтдагилар дастурга ўта мураккаб мисоллар бермаганликларини ҳам таъкидлаб ўтган. Математик тенгламаларни иловага киритиш учун расмга олиш, териб ёзиш ва ҳаттоки бармоқ билан экранга ёзиш каби бир неча хил усуллардан фойдаланиш мумкин.

Тўғри, математик мисолларни ечувчи иловалар бир талай, лекин Microsoft'нинг маҳсулотида энг тўлиқ функциялар тўплами жойланган, деб айтиш хато бўлмайди. Photomath сингари дастурлар расм орқали тенгламаларни ечиб беради, лекин Microsoft Math Solver'да бошқа ўхшаш иловаларда бўлмаган қўшимча функциялар мавжуд. 

Масалан, агар дастур тенгламанинг жавобини топа олмаса, Бинг қидирув тизимидан фойдаланишга ўтади. Бунга қўшимча, ечимлар қандай келиб чиққани ҳақидаги батафсил изоҳ, ўрганиш функцияси ва бошқалар ушбу дастурни ҳозирда мавжуд энг кучли иловалардан бирига айлантиради. 

Уйга вазифаларингизнинг барчасини бу иловадан фойдаланиб бажаринг, дейишдан йироқмиз. Сиз учун мураккаб бўлган бир-икки ўринларда ушбу дастур қўл келиши мумкин, демоқчимиз холос. Иловани Play Store'дан юклаш учун бу ерга босинг. 

ЎҚИНГ: Профессионал тасвирлар яратамиз!

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!