Material Design Awards танлови: 2019 йилнинг энг зўр иловалари аниқланди!

  •   DiMaX
  •  973
  •  11.10.2019 11:50

Material Design Awards танлови: 2019 йилнинг энг зўр иловалари аниқланди!

Google ҳар йили ўтказилиб келаётган Material Design Awards танлови ғолибларини эълон қилди. Унда тўртта номинация бўйича энг яхши деб топилган Android-иловалар аниқланган.

ЎҚИНГ: Apple Design Awards 2019: йилнинг энг зўр иловаларини юклаб олинг (+видео)

«Мавзулар» йўналишида Ruff иловаси тенгсиз деб топилди. Ушбу дастур қайдлар яратиш учун минималистик интерфейсли блокнот бўлиб, тўқранг режимга ҳам эга. Ruff яратилган қайдларни турли Android-қурилмаларда ва хромбукларда ўзаро синхронлаш имконини беради. Унда шрифт ўлчамини созлаш, экранни силаш орқали жараённи тезкор сақлаш мумкин.

 Ruff дастурини мана бу ҳавола орқали ўрнатиб олсангиз бўлади.

«Инновациялар» тоифасида эса Reflectly дастури ғолиб бўлган. Бу – «чўнтакдаги кундалик» бўлиб, стрессга ва ваҳималарга қарши курашишга ёрдам бериш учун ишлаб чиқилган. Илова сунъий интеллект алгоритмлари асосида эслатмалар бериб турувчи тизимга эга. Дастур интерфейсида ёқимли ранглар, силлиқ кўчишлар қўлланган, фойдаланувчи уни ўзига мослаб созлаши учун кенг имкониятлар мавжуд.

Reflectly иловасини смартфонингизга ушбу ҳавола ёрдамида юклаб оласиз.

ЎҚИНГ: Android учун Day by Day – мақсадга ундовчи ҳамроҳингиз!

«Универсаллик» номинацияси бўйича энг зўри деб Trip.com сервисининг мобил иловаси эътироф этилган. Саёҳатчиларга отеллар, йўл чипталари ва бошқа сервисларни бронлаш хизматини таклиф этувчи ушбу мобил клиент интерфейси 19 тилни қўллаб-қувватлайди. Тизим белгичалари ва ёрқин ранглар фойдаланувчининг эътиборини асосий ҳаракатларга ва муҳим маълумотларга осон жалб этади.

Trip.com мобил иловасини ўрнатиб олиш учун мана бу ҳаволадан фойдаланинг.

«Фойдаланувчилар тажрибаси» йўналишида Scripts дастури тақдирланган. Ушбу оригинал илова гаджетнинг сенсор дисплейи орқали ёзувнинг нотаниш турларини ўрганиш учун яратилган. Унда тўғри ёзиш техникасини ишлаб чиқишга йўналтирилган аниқ йўриқномаларни ўз ичига олувчи қадам-бақадам қўлланма ҳам мавжуд. Аайрим тиллар учун бу илова киритилган белгиларга алоқадор суратларни орқа фонда ҳам кўрсатади.

Scripts иловасини ушбу ҳавола орқали ўрнатиб олсангиз бўлади.

ЎҚИНГ: Талабага керак бўлган 9 бепул илова

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!