Махфий созлама орқали ҳар қандай Android-смартфонни «учиб» ишлашга мажбур қиламиз!

  •   DiMaX
  •  12163
  •  14.07.2018 12:12

Махфий созлама орқали ҳар қандай Android-смартфонни «учиб» ишлашга мажбур қиламиз!

Смартфонларнинг янги авлодлари чиққани сайин, олдингилари нисбатан эскириб бораётир. Улар барча керакли функцияларни бажарса-да, айрим ҳолларда самарадорлиги паст бўлиб қолиши мумкин. Аммо энди Android’даги битта махфий созлама орқали бу муаммони бартараф этиш йўли топилди.

ЎҚИНГ: Смартфонингиз «қотиб» ишлаётган бўлса...

Бунинг учун Android-смартфондаги «Созламалар» «Настройки» иловасини очиб, унинг «Телефон ҳақида» «О телефоне» бандига кирасиз. Шу ерда Android тизимининг талқинини кўрсатувчи «Жамлама рақами» «Номер сборки» банди бор, аммо турли моделларда ва график қобиқларда у бошқақароқ номланган бўлиши ҳам мумкин. Масалан, Terabayt.uz таҳририятида синаб кўрилган Xiaomi смартфонида у «MIUI талқини», яъни «Версия MIUI» тарзида акс этган:

Хуллас, мана шу банд устига кетма-кет бир неча марта босасиз ва натижада «Энди сиз дастурчисиз» «Теперь вы разработчик» ёки шу мазмундаги бошқа бирор ёзув чиқади.

Сўнг «Созламалар» асосий менюсига қайтиб, назар солсангиз, унда «Дастурчи параметрлари» «Параметры разработчика» номли янги бўлим пайдо бўлганини кўрасиз. Унинг номланиши ҳам турлича бўлиши мумкин, масалан, MIUI интерфейсида у «Дастурчилар учун» «Для разработчиков» деб аталган.

Мазкур бўлимга кирсангиз, жуда кўп миқдордаги турли созламаларни кўрасиз. Табиийки, улар ёрдамида смартфонингизда ҳар хил режимларни, янги функцияларни синаб кўриш имкони бор. Аммо биз сизга буни тавсия этмаймиз – тажрибасиз фойдаланувчи улар орқали смартфонни бузиб қўйиши ҳеч гап эмас.

Дастурчиларга аталган функциялар созламаларида ҳозир бизга керак бўлгани – «Сурат», яъни «Рисунок» варақаси, у яна «Отрисовка» деб ёки шунга ўхшашроқ номланган бўлиши ҳам мумкин. Биз синаб кўраётган смартфонда бу алоҳида варақа қилинмасдан, шунчаки алоҳида ажратилган учта банддан иборат:

Хуллас, мана шу ерда барча бандларда анимациялар тезлигини ўзгартириш лозим – уларни 0,25x ёки 0,5x тезлигига ўтказиб қўйишни тавсия этамиз.

Бунинг натижасида яхлит интерфейснинг ишлаши тахминан икки каррага тезлашади. Агарда анимацияларни буткул ўчириб қўйсангиз – у ҳолда смартфонингиз нақ «учиб» ишлайди! Бундан ташқари, ушбу ўзгартиришлар туфайли процессорга ва ўз-ўзидан – батареяга ҳам тушадиган юк камаяди. Натижада смартфонингизнинг автономлиги – қуввати узоққа етиши ҳам 10 фоизгача ошади.

Айтиш керакки, айрим моделларда ўзгаришлар смартфонни битта ўчириб-ёққанингиздан кейин акс эта бошлайди. Шунингдек, созламаларни яхши билмай туриб уларга қўшимча ўзгаришлар киритишга уринманг – булар оқибатида келиб чиқиши мумкин бўлган нохуш ҳолатлар учун фақат ўзингиз масъул бўласиз.

ЎҚИНГ: Android’даги root ҳуқуқи нима ва ундан қандай фойдаланилади?