MDC Nova – ёшларбоп замонавий смартфон!

  •   DiMaX
  •  3293
  •  26.02.2018 14:35

MDC Nova – ёшларбоп замонавий смартфон!

Ҳозирда ёшлар фойдаланадиган смартфонга қўйиладиган асосий талаблар қанақа? Дизайни чиройли, интернети тезкор ва камералари кучли бўлгани маъқул, тўғрими? Хусусан, селфи олиш имкониятлари кенг бўлса – янада яхши. Ўзбекистон бозорига яқинда кириб келган MDC брендининг навбатдаги – Nova русумли қурилмаси шу талабларга жавоб бера олади.

ЎҚИНГ: MDC Prime Lite – бир миллион сўмлик, HD-экранли ва қўш камерали смартфон!

Бугун MDC бренди остидаги Nova смартфони билан танишамиз, унинг хусусиятларини кўриб чиқамиз.

Чиройли қадоқда тўлиқ жамланма

MDC Nova смартфони оқ-мовий ранглар уйғунлигидаги кўркам қутисида тақдим этилмоқда. Қутининг устига смартфоннинг рангли сурати ва номи туширилган, орқа томонида ва ёнларида тегишли маълумотлар келтирилган.

Қадоқ ичида смартфоннинг тўлиқ жамланмаси мавжуд: қурилманинг ўзидан ташқари, силикон ғилоф ва экран учун ҳимоя шишаси ҳам жойланган. Телефонни қувватлаш ускунасининг USB-кабели олинади ва маълумот алмашиш учун уни компьютерга улаш имкони мавжуд. MDC брендли қулоқчин ҳам жамланмага қўшилгани яна бир афзалликдир.

Шунингдек, қутида смартфоннинг кафолат талони ҳамда инглиз, рус ва ўзбек тилларидаги фойдаланиш йўриқномаси мавжуд.

Замонавий кўринишли корпус

Ишлаб чиқарувчи MDC Nova моделини пластик корпусида тақдим этган. Унинг очиладиган орқа панелида асосий камера ва унинг чақноғи худди iPhone 8 Plus моделидаги каби жойлаштирилган. Пастроқда, панелнинг ўртароғида бармоқ изи сканери ўрин олган. Энг пастда бўртиқ кумушранг ёзувда бренд номи акс эттирилган.

MDC Nova смартфони корпусининг ўнг қиррасида овозни кўтариш/пасайтириш ҳамда смартфонни ўчириб-ёқиш тугмачалари жойлашган. Тепа қиррада анъанавий 3.5 миллиметрлик қулоқчин тирқиши ҳамда MicroUSB порти, пастки қиррада бўлса микрофон ҳамда динамик ўрин олган.

Олд панелда «Уйга» моддий тугмачаси йўқ, бу эса тўлиқ экран эффектини ҳосил қилган. Дисплейнинг тепа қисмида сўзлашув динамиги ва тегишли датчиклар кўзга ташланади.

Трендларга мос экран

MDC Nova қурилмаси 5.7 дюймлик экран билан жиҳозланган, унинг икки чеккасидаги ромлари энсиз. Дисплейнинг пастида сенсорли учта тугмача жойлашган: ўртада «Уйга», ундан чапда «Орқага» ҳамда ўнгда – ишга туширилган иловалар рўйхатини чиқариш тугмачалари.

Infinity display туридаги дисплейнинг пикселлар сиғими HD+ форматида, яъни 1440х720 пикселли. У рангларни жуда яхши узатади, бурчак остида қараганда ҳам тасвир сифати бузилмайди. Турли контентни – матнлар, сурат ва видеоларни етказиб бериш учун қулай.

Ёшларбоп камералар

Мазкур смартфоннинг асосий камераси 8 мегапикселли, олд камераси эса 5 мегапикселли моделлар билан жиҳозланган. Яхши томони – ҳар иккала камера ҳам ўзининг фоточақноғига эга. Бу эса яхши ёритилмаган шароитларда ҳам сифатли суратлар олиш имконини беради. Олд камерада ҳам чақноқ мавжудлиги, айниқса, селфи олишни хуш кўрувчи ёшлар учун айни муддао.

MDC Nova камераларининг дастурий таъминоти ҳам яхши ишланган – турли режимларда суратга ҳамда видеога тушириш учун кенг имкониятлар бор. Бугунги кунда кўпчилик фойдаланувчилар учун бунинг аҳамияти катта.

Алоқа имкониялари

Мазкур девайс иккинчи ва учинчи авлод (2G/3G) уяли алоқа тармоқларида ишлаш имкониятига эга. Ўзбекистоннинг аксарият ҳудудларидаги алоқа сигналлари имкониятларини инобатга олсак, ушбу қурилма фойдаланувчиларнинг талабларини тўла қондира олади.

Ҳозирги кўпчилик телефонларда бўлгани каби, MDC Nova моделида ҳам иккита SIM-карта бўлмачаси мавжуд. Бу эса фойдаланувчига алоқа операторлари орасида ўзига маъқулининг хизматларни танлаш эркинлигини тақдим этади.

Техник таъминотига келсак...

MDC Nova гаджетининг «электрон юраги» – 1.3 гигагерц такт частотасида ишловчи тўрт ядроли процессордир. Тезкор хотираси 1 гигабайт, доимий хотираси эса 8 гигабайт ҳажмга эга. Бу камлик қиладиган бўлса, MicroSD-карта ёрдамида унинг хотирасини кенгайтириш имкони бор.

Қурилма сунъий йўлдош орқали навигация учун GPS/AGPS модули, шунингдек, симсиз алоқанинг Wi-Fi ҳамда Bluetooth интерфейсларини қўллаб-қувватловчи модуллар билан таъминланган. 2500 мА/соат сиғимли аккумулятор MDC Nova смартфонини қувват билан таъминлаб туради.

Хулласи калом...

Бугунги кундаги аксарият смартфонлар қатори, MDC Nova модели ҳам Android операцион тизимининг еттинчи – Nougat талқини бошқаруви остида ишлайди.

Смартфондаги маълумотлар махфийлигини таъминлаш учун график калит, пароль ёки кодли сўзми – бу усулларнинг барчасини ушбу модел қўллаб-қувватлайди. Булардан ташқари, MDC Nova’да замонавий биометрик усул – фойдаланувчи шахсини бармоқ изи сканери орқали тасдиқлаш технологияси ҳам татбиқ этилган.

Шулардан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, ҳар иккала камераси ҳам фоточақноққа эга, кенг экранли ва дактилоскопик сканерли MDC Nova бугунги кунда Ўзбекистон бозорига тақдим этилган, ўз нархи доирасидаги смартфонлар билан бемалол беллаша олади.

Нарх-наво, корпус ранглари ва кафолат хизмати

MDC Nova Ўзбекистон бозорида қора, олтин ва қизил рангларда тақдим этилган. Нархи электроника бозорларида 620 минг сўмдан бошланмоқда. Айтиш мумкинки, ҳозирда бизнинг бозорда бу нарх эвазига 5,7 дюймли смартфон топиш анча мушкул.

Дарвоқе, MDC бренди остидаги смартфонлар қатори, Nova моделига ҳам ишлаб чиқарувчи томонидан 1 йиллик кафолат хизмати тақдим этилади.

ЎҚИНГ: MDC Optima – металл корпусли 4G-смартфон

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.