MDC Prime Lite – «Малика»даги ноодатий «эконом класс»

  •   DiMaX
  •  4177
  •  05.09.2018 17:10

MDC Prime Lite – «Малика»даги ноодатий «эконом класс»

Смартфонлар бозори кундан-кунга хилма-хиллашиб бормоқда. Бундан бор-йўғи бир неча йил илгари Ўзбекистонда фақат бармоқ билан санарли смартфон маркалари сотилган бўлса, ҳозирда уларнинг сони анча кўпайиб қолган.

Табиийки, нарх ва сифат борасидаги таклифлар ҳам турлича. Мисол учун, бозорга энди кириб келаётган янги брендлар нархига жуда мос, замонавий техник параметрлар билан жиҳозланган смартфонларни ҳам тақдим этишмоқда. Хуллас, биз бугун юртимиз бозорига шу йилнинг бошларида кириб келган MDC брендининг Prime Lite модели тўғрисида сўз юритмоқчимиз. Мазкур Хитой бренди ўз сегментидаги бошқа номлардан фарқли равишда, ўз қурилмаларига 1 йиллик расмий кафолат хизматини кўрсатади.

MDC Prime Lite смартфони Samsung ISOCELL технологиясида яратилган камералар, 5.2 дюймли HD IPS экран, бармоқ изи сканери ва ноодатий корпусга эга. Унинг батафсил техник хусусиятлари билан қуйида танишамиз:

Техник хусусиятлари

Ўлчам ва вазни

138х73.2х8.6 мм, 160 г.

Корпус материали

Металл, шишаванд пластик

Дисплей

5.2 дюйм, 1280х720 пиксел, 282 ppi, IPS, 2.5D 24 бит, Multitouch

Тармоқ

GSM B2/3/5/8 (GSM/GPRS/EDGE Class 12)

WCDMA 850/1900 ёки 900/2100

FDD_LTE B1/B3/B7/B8/B20

Процессор

Mediatek, MT6737, 4 ядроли, 1.3 ГГц, ARM-Mali-T720 MP1 график тезлатгичи

Хотира

2 Гб + 16 Гб; 64 Гб microSD

Камера

13 Мп + 0.3 Мп асосий (Samsung ISOCELL), 8 Мп олд камера (Samsung ISOCELL)

Алоқа интерфейслари

Bluetooth 4.0 ва WIFI 802.11 a/b/g/n

Датчиклар

Бармоқ изи сканери, ёруғлик сенсори, акселерометр, яқинлашув сенсори

Батарея

2750 мА/соат

Навигация

GPS, AGPS

Нархи

750 минг сўм

Кафолат хизмати

1 йил расмий кафолат

ЖАМЛАНМА

MDC Prime Lite моделининг жамланмасида смартфоннинг ўзидан ташқари, энг керакли аксессуарлар, унинг ҳимояси ва парвариши учун зарур жиҳозлар ҳам мавжуд. Яъни, унинг қутисидан телефон, қувватлаш қурилмаси, кабель, қулоқчин, силикон ғилоф, экран ҳимоя шишаси, скрепка, экранни артишга мўлжалланган мато, фойдаланиш йўриқномаси ва кафолат талони ўрин олган.

ДИЗАЙН ВА КОРПУС

Қурилма дизайнида биринчи бўлиб кўзга ташланадиган нарса олд камеранинг юқорида эмас, балки пастда жойлашганидир. Умуман олганда, бундай концептни Mi Mix сериясидаги смартфонларида ҳам учратиш мумкин. Шунинг эвазига экраннинг юқориси ҳамда икки ён чеккалари ромсиздай кўринади.

Дисплейнинг тепасида ёруғликни аниқлаш ва яқинлашув датчиклари, шунингдек, динамик ўрин олган, холос. Олд панелнинг қуйи қисмида эса олд камера ҳамда бир вақтда бармоқ изи сканери вазифасини бажарувчи асосий тугма ўрнатилган.

MDC Prime Lite корпусининг рамкаси тўлиқ металлдан ишланган. Унинг орқа панелида асосий камеранинг тикка жойлашган иккита модулига кўзимиз тушади. Улардан чап томондаги LED-чақноқ эса кам ёритилган шароитларда ҳам ажойиб суратлар олишга имкон беради.

Корпуснинг юқори қиррасида анъанавий 3.5 миллиметрлик қулоқчин тирқиши ўрин олган.

Пастки қиррасида бўлса одатий USB 2.0 порти ҳамда динамиклар жойлашган.

Корпус ўнг қиррасида эса смартфонни ўчириб-ёқиш ҳамда овоз баландлигини созлаш тугмачалари ўрнатилган.

Қурилманинг ўлчамлари (138х73.2х8.6 мм) экрани 4.7 дюймлик iPhone 7 (138.3х67.1 х7.1 мм) билан деярли бир хил, аммо экрани уникидан ярим дюймга (1.3 см) катта.

ДИСПЛЕЙ

Смартфонга IPS технологиясидаги 5.2 дюймли экран ўрнатилган (экраннинг олд панел майдонига нисбати 75%). Бир дюймдаги пикселлар сиғими 282 тага тенг. Тасвир аниқлиги эса HD форматида, яъни 1280x720 пикселни ташкил этади. Бунақа экран бурчак остида ҳам юқори сифатли суратларни ранглари бузилмаган тарзда етказиб бера олади.

Мультитач бир вақтда 5 тага тегишни аниқлай олади.

Дисплей остида ҳаволи қатлам кўзда тутилмаган, олеофоб қоплам ҳам йўқ, аммо бу нархдаги смартфон учун (750 минг сўм атрофида) бу жиддий камчилик ҳисобланмайди.

Дисплей ёрқинлиги ташқи муҳит ёруғлигига қараб автоматик ўзгаради. Созламаларида Live Display ва MiraVision дастурлари жой олган бўлиб, улар дисплейни янада аниқроқ созлашга имконият беради. Ушбу меню орқали экран ёрқинлиги, ранглар тўйиниши, контрастни индивидуал тарзда ўзингизга мослашингиз ёки мавжуд режимлардан бирини танлашингиз мумкин.

Дисплейда ранглар аниқ акс этади, куйган пикселлар йўқ. Умуман, нархи 100 долларгача бўлган телефон учун бу ёмон натижа эмас.

КАМЕРА

Шубҳасиз, MDC Prime Lite смартфонидаги энг қизиқ жиҳат унинг камераси ҳисобланади. Бундай дейишимизга асос бор, албатта. Ишлаб чиқарувчи бу борада пулни аямай, ушбу телефоннинг иккала тарафига ҳам Samsung ISOCELL туркумига кирадиган камера сенсорларини ўрнатган.

Қўшалоқ асосий камеранинг аниқлиги 13 + 0.3 Мп (S5K3M2XX13-FGX9 + GC0310) бўлиб, бунда иккинчи камера телефон орқали боке эффектини ҳосил қилиш (орқа фонни чаплаш) учун хизмат қилади. Samsung ISOCELL технологияcи пикселларнинг ўзаро чапланиб кетишини 30 фоизга камайтиради ва бошқа CMOS BSI сенсорларга қараганда ранг тўйинишини 30 фоизга оширади, шу туфайли у орқали олинган расмларнинг сифати бошқаларга қараганда яхшироқ чиқади. Яна бу модулга янги RWB (Red-White-Blue) ранг фильтри ҳам қўлланилган, бу эса кам ёритилган шароитда суратга олганда сигнал/шовқин нисбатини 3 дБга кучайтиради. Камера апертураси f/2.2 га тенг бўлиб, бу кўрсаткич модулга кўпроқ ёруғлик ўтишини таъминлайди ва натижада расмларнинг ўткирлигини кучайтиради. Намойиш бурчаги 90 градус.

Асосий камерада тасвирдаги динамик диапазонни яхшилашга ёрдам берадиган HDR режими кўзда тутилган. Объектлар ортидаги ёки атрофидаги фонни чаплашга Blur режими, янада чиройли портретларни суратга олишга эса Beauty режими ёрдам беради. Шунингдек, тунги съёмка учун Night, катта ҳажмли фотолар учун Panorama ва профессионал фойдаланувчилар учун Pro режимлари ҳам бор!

Албатта, арзон смартфонлар сегментига кирадиган бу смартфондан флагманлар камераси хос сифатдаги кадрларни кутиш тўғри эмас. Бироқ, расмлар сифати, улардаги ранглар мутаносиблиги қониқарли, ҳар ҳолда Prime Lite бу борада ўз қаторидаги қурилмалардан ортда қолмайди.

Мана, ушбу смартфон камераси орқали олинган айрим суратлар намуналаридан баҳра олишингиз мумкин (сайтда юкланиши қийин бўлмаслиги ҳамда ўқувчиларимизнинг трафикларини тежаш мақсадида расмлар бироз ихчамлаштирилган):

Энди фойдаланувчи учун корпуснинг кутилмаган ерида жойлашган олд камера ҳақида гаплашсак. MDC Prime Lite смартфонида олд камера корпуснинг пастки қисмида, экраннинг чап остига жойланган. Экранни имкони борича ромсиз шаклга келтириш ва чексизлик эффектини ҳосил қилиш учун айнан мана шундай йўл тутилган. Олд камера ҳам Samsung томонидан ишлаб чиқарилган сенсор қўйилган (S5K4H5YC), аниқлиги 8 мегапикселли. Инсоф билан айтиш керак, бундай ҳамёнбоп нархдаги смартфон учун бу – анча яхши кўрсаткич. Унда ҳам бир қатор суратга олиш режимларидан фойдаланиш мумкин. Видео ёзиш сифати 640х480 пикселни ташкил этади.

ПРОЦЕССОР ВА ХОТИРА

MDC Prime Lite моделига тўрт ядроли, максимал такт частотаси 1,25 ГГц.га тенг Mediatek MT6737 (Cortex-A53) процессори ўрнатилган. Техно-блогларда ёзилишича, бу чип қувватни камроқ истеъмол қилиши билан аввалги процессорлардан ажралиб туради.

График тасвир ва видеоларни қайта ишлашга Mali T720 MP2 чипи жавоб беради. Унинг ёрдамида ўрта даражадаги ўйинларни ўйнаш, яхши сифатдаги видеоларни кўриш мумкин.

Қурилманинг тезкор хотираси 2 Гб, ички хотира сиғими 16 Гб.ни ташкил қилади. 2/16 Гб кўрсаткич бу телефон нархига мос, ундан ортиқ хотира сиғими зарур бўлса, 64 Гбгача бўлган microSD-карта ўрнатиш имконияти мавжуд.

ОПЕРАЦИОН ТИЗИМ ВА КОММУНИКАЦИЯ ИНТЕРФЕЙСЛАРИ

Ушбу смартфон Android 7.0 версиясидаги операцион тизимда ишлайди. Асосий меню учун ишлаб чиқарувчи томонидан алоҳида фойдаланувчи интерфейси яратилган, бироқ қолган менюларда мазкур версиянинг ўзгармаган шакли қолдирилган. Айтиш керак, Android тизимининг Google тарафидан тайёрланган ва вендорлар томонидан ўзгартирилмаган версияси анча чаққонроқ, унча-мунчага қотавермайди. Балки шу сабаб аксар арзон смартфонлар ишлаб чиқарувчилари алоҳида фойдаланувчи интерфейсини яратишга шошилмайдилар.

MDC Prime Lite симсиз алоқа интерфейсларидан Bluetooth 4.0 ва WIFI 802.11 a/b/g/n стандартларини қўллаб-қувватлайди. Бюджет смартфонлар туркумига кирганлиги учун ушбу моделда NFC модули кўзда тутилмаган. Маълумотларни бармоқ изи сканери билан ҳимоялаш мумкин.

Қурилма 4G тармоғини қўллаб-қувватлайди (FDD_LTE B1/B3/B7/B8/B20). У Ўзбекистондаги барча мобил операторларнинг 4-авлод стандартида ишлаши керак. Шунингдек, 3G тармоғидан тезроқ бўлган HSPA+ стандартида ҳам ишлайди.

GPS модулнинг ишлаши ҳам ёмон эмас. MDC Prime Lite қурилмасида Mediatek чипларидаги HotKnot технологиясини ҳам учратиш мумкин. Бу технология смартфонларнинг экранини бир-бирига теккизиб, файлларни тезлик билан алмашишга хизмат қилади. Қуйидаги видеода HotKnot функциясининг қандай ишлашини кўришингиз мумкин.

АККУМУЛЯТОР

Батарея кўрсаткичларини текшириш чоғида қизиқ ҳолат кузатилди. Ишлаб чиқарувчи смартфон қутисида смартфондаги аккумулятор сиғимини 2750 мА/с деб кўрсатган, бироқ қурилманинг хусусиятларини акс эттирадиган аксарият махсус иловаларда бу бирлик 3080 мА/соатга тенг. Қурилманинг ўлчамлари ва экран катталигини ҳисобга олиб айтсак, ишлаб чиқарувчи томонидан ўрнатилган бу батарея унчалик ҳам кучсиз эмаслигига гувоҳ бўламиз.

Хуллас, бу сиғимдаги батарея билан қурилма фаол қўллаш ҳолатида (интернет ёқиқ, давомий қўнғироқлар) 10-12 соат ишлаши мумкин. Буларга ўйин, ёрқин экран ва доимий видеони қўшсак, ишлаш диапазони 6-7 соатгача қисқариши мумкин. Ўртача ишлатиш ва ўртача экран ёрқинлигида смартфон қуввати бир кундан кўпроққа етади.

Батарея созламаларида энергияни тежаш режими ҳам бор.

НАРХ ВА ХУЛОСА

MDC Prime Lite Ўзбекистон бозорларида ва интернет-дўконларида ўртача 750 минг сўмга таклиф этилмоқда. Бу нарх диапазонида худди шундай кўрсаткичлар билан жиҳозланган смартфон топиш осон эмас. Шунинг учун ҳамёнбоп смартфонлар сегментида у яхши таклиф ҳисобланади. Бундан ташқари, моделга ишлаб чиқарувчи тарафидан 1 йил расмий кафолат хизмати ҳам кўрсатилади. Ўзбекистон бўйлаб компаниянинг 8 та сервис маркази фаолият юритмоқда.

Бу смартфон, шубҳасиз, бюджет моделлар орасида оптимал ечим. Унда коммуникация учун керакли асосий функциялар: 4G, бармоқ изи сканери, сифатли қўш камера, яхши селфи-камера, ноодатий ва қулай дизайн, рамкалари металлдан ишланган корпус ва нисбатан тиниқ экран мавжуд.

Хулоса

Қаердан сотиб олиш мумкин?

Terashop.uz UZS 709 000.00 Сотиб олиш

 Афзаллиги

 Камчилиги

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!