MediaTek бирйўла иккита – Dimensity 1200 ҳамда Dimensity 1100 процессорларини тақдим этди

  •   DiMaX
  •  481
  •  20.01.2021 17:53

MediaTek бирйўла иккита – Dimensity 1200 ҳамда Dimensity 1100 процессорларини тақдим этди

Тайванлик чипсоз флагман смартфонлар учун Dimensity 1200 чипсетини тайёрлаётгани ва у Redmi K40 туркуми вакилларидан бирида қўлланиши ҳақида ёзган эдик. MediaTek компанияси у билан бирга яна бир – Dimensity 1100 русумли процессорини ҳам намойиш қилди.

ЎҚИНГ: Мобил процессорлар бозорида энди Qualcomm лидер эмас!

Dimensity 1200 модели флагман смартфонларга мўлжалланган бўлиб, марказий чипи саккизта (1 + 3 + 4) ядрони ўз ичига олган. Уларнинг орасида асосий сифатида 3,0 ГГц частотасида ишловчи Cortex-A78 танланган. Чипсет таркибига яна 2,6 ГГц.лик учта Cortex-A78 ҳамда 2,0 ГГц.лик тўртта Cortex-A55 ядролари киради.

Қиёслаш учун, Dimensity 1000+ процессорида максимал частотаси 2,6 гигагерц бўлган Cortex-A77 ядроси қўлланган эди. Якка ядроли режимда янги платформа тахминан 20% тезкор бўлиши кутилмоқда.

ЎҚИНГ: Ҳамёнбоп Android-смартфонлардан қайсилари энг зўр? (AnTuTu рейтинги, 2020 йил декабрь)

Dimensity 1100 платформаси эса ўрта нарх тоифасидаги 5G-смартфонларга мўлжаллаб чиқарилган. Унда асосий ядро йўқ – тўртта Cortex-A78 ядроси 2,6 ГГц. частотада ишлайди, яна 2,0 гигагерцлик тўртта Cortex-A55 ядроси бор. Шунга қарамай, архитектурасига кўра у Dimensity 1000+ процессоридан устунликка эга, демоқда ишлаб чиқарувчи.

Ҳар иккала процессор ҳам 9 ядроли Mali-G77 график тезлатгичини ўз ичига олади. Dimensity 1200 чипсети янгиланиш частотаси 168 Гц бўлган экранларни ҳам қўллаб-қувватлайди. Унинг таркибида суратларни қайта ишлаш учун 5 ядроли чип қўлланган бўлиб, смартфонга 200 мегапикселгача аниқликдаги камера ўрнатиш имконини беради. Булардан ташқари, янгиланган сунъий идрок тизими билан тунги суратларни қайта ишлаш 20 фоизга тезлашган.

Dimensity 1100 бўлса смартфонда 144 герцгача частотали экран ҳамда 108 мегапикселгача аниқликдаги камера бўлишини қўллаб-қувватлайди. Бу иккала процессорни ҳам Realme, Xiaomi, Vivo ва Oppo каби смартфонсозлар тез орада ўз қурилмаларида қўллашини айтишган.

ЎҚИНГ: ТОП-10: Энг равон ишловчи смартфонлар (Master Lu рейтинги, 2020 йил)

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!